Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболллари, геостратегик аҳамият» мавзусидаги конференцияда журналистлар саволига жавоб бериб, Афғонистондаги вазият бўйича фикр билдирди.

Содиқ Сафоевнинг қўшимча қилишича, биринчи навбатда йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш, Афғонистонни минтақавий ва жаҳон бозорлари билан боғлаш, Афғонистоннинг иқтисодиёти ортиши ва барча халқларнинг фаровонлигининг ортиши ушбу мамлакатдаги уруш потенциалини камайтиради.

«Афғонистондаги вазият бугун ҳаммамизни безовта қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон раҳбари томонидан қайд этилган позиция шу бўлдики, Афғонистондаги тинчлик бевосита Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига тўғри келади ва бундан манфаатдормиз», — дейди у.

Таъкидланишича, Тошкентда бўлиб ўтган июль конференциясининг ғоялари — минтақада, йирик макро минтақада иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлакларини барпо этиш — халқларнинг фаровонлигига, бевосита ўз улушини қўшади.

«Афғонистондаги тинчлик омилларидан бири шундан иборат бўлиши мумкинки, биз ўйлаган, умид қилган ва кўп йиллар давомида тайёрланган Афғонистон билан боғлиқ бўлган йирик иқтисодий лойиҳалар номаълум келажакка кечиктирилиши керак эмас. Агар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш нияти бўлса, халқаро ҳамжамият, ўйлайманки, илгари — 20 йил олдин бўлган хатоларни қайтармасдан, Афғонистонни эътибордан четда қолдирмай, бу мамлакатни қандайдир экстремистик кучларнинг қўлига бермасдан, ўз вақтида шундай бўлган, халқаро ҳамжамият бўлиши керак», — дейди Содиқ Сафоев.

15 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг эндиликдаги собиқ раҳбари Ашраф Ғани билан учрашувда афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлиги таъкидлаган эди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаганди.

«Бугун Афғонистон ўзининг янги тарихида „туб бурилиш палласи“ ни ўтказяпти. Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз. Ишончимиз комилки, бизнинг минтақалараро ҳамкорлигимиз, мамлакатда иқтисодиётни тиклаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун муҳим омил бўлади», — деган эди у Тошкент шаҳридаги халқаро конференцияда.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудлари ва чегараларида ўз назоратини ўрнатганлигини эълон қилди. Ашраф Ғани қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида Афғонистонни тарк этди. Президент саройини қўлга киритган «Толибон» ҳаракати аъзолари эса Афғонистон Ислом амирлиги тузилганини эълон қилишини таъкидлаган эди.