15 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилган.

Икки мамлакат етакчилари афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлигини таъкидлаб, инклюзив афғонлараро музокаралар тез фурсатда қайта тикланишининг тарафдори эканликларини қайд этдилар.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Таъкидланишича, томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. «Пандемияга қарамай, жорий йилнинг беш ойи якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ортди. Ўзбекистонда Афғонистон сармояси иштирокида 160 та янги корхона ташкил этилди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

«Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш баробарида Афғонистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган қўшма транспорт ва энергетика инфратузилмаси лойиҳаларини баробарида Афғонистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган қўшма транспорт ва энергетика инфратузилмаси лойиҳаларини, хусусан, „Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар“ темир йўли ва янги „Сурхон — Пули-Хумри“ электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳаларини янада илгари суриш муҳим экани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, президентлар икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш борасида қатъий эканликларини қайд этдилар.