Якшанба куни «Толибон» ҳаракати аъзолари Қобулга кириши билан Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг энг яқин ёрдамчилари мамлакатни тарк этди, деб хабар бермоқда маҳаллий Tolonews нашри.

Президент мамлакатдаги инқирозни ҳал қилиш ваколатларини Абдулла Абдулла, собиқ президент Карзай ва бошқа сиёсий раҳбарлардан иборат кенгашга топширган.

Ушбу хабарни Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдуллa Абдуллa ҳам тасдиқлади ва у Ашраф Ғанини собиқ президент деб таърифлади. Абдулла Twitter`даги саҳифасида қолдирган хабарда одамларни хотиржам бўлишга чақириб, бу оғир кунлар тез орада ўтиб кетиши ва аҳоли тинч кунларни кўришига умид билдирган.

«Толибон» тез фурсатларда Қобулдаги президент саройидан туриб Афғонистон Ислом Амирлиги ташкил этилиши ҳақидаги хабарни эълон қилади, деб хабар бермоқда Associated Press ва Press Association агентликлари. Al Jazeera эса президент саройидан жонли эфирга чиқмоқда.

Душанба куни асосий сиёсий раҳбарлар, жумладан Юнус Қануний, Аҳмад Вали Массуд, Муҳаммад Моҳакик ва бошқалардан иборат делегация мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилиш учун Доҳага жўнаб кетиши ҳам маълум қилинди.

Мудофаа вазири Бисмилла Моҳаммади Twitter`да шундай хабар қолдирди: «Бизни қўлларимизни боғлашди, мамлакатни эса сотишди, ланъатлар бўлсин Ғани ва унинг тўдасига».

Ашраф Ғани мамлакатни тарк этмоқда. Фото: Tasnim news.

Тожикистоннинг «Азия-Плюс» нашри Ашраф Ғани Тожикистонга учиб кетган ва у ердан учинчи давлатга йўл олганини хабар қилди. Kabul News телеканали эса Ашраф Ғани Тожикистон орқали Уммон давлатига етиб боргани айтмоқда.

Шу билан бирга, The New York Times маълумотига кўра, Ғани турмуш ўртоғи ва икки нафар ёрдамчиси билан Ўзбекистонга йўл олган. Нашр шунингдек, Ашраф Ғани ҳукуматни топшириш борасида музокаралар олиб бориш учун Доҳага бормоқчи бўлганини ҳам қайд этган. «Газета.uz» Ўзбекистон ТИВдан тезкор изоҳ ололмади.

Ашраф Ғани Facebook`даги саҳифасида Толибон Қобулга ҳужум қилишининг олдини олиш учун у истеъфога чиқишга қарор қилганини маълум қилди.

Таъкидланишича, у қуролланган толиблар билан юзма юз келган ва умрининг сўнгги 20 йилини ҳимоя қилишга бағишланган мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Акс ҳолда 6 млнлик аҳолиси бор Қобулда инсоний фалокат юз бериши мумкин эди.

«Толиблар менгача етиб келишди, улар Қобулга ҳужум қилиш учун шу ерда. Қонли тўфондан сақланиш учун яхшиси чиқиб кетиш керак деб ўйладим», деб ёзади Ғани.

Унинг сўзларига кўра, ушбу жангда толибларнинг қўли баланд келган ва энди улар ватандошларининг шаъни, бойлиги ва ўз ҳурматини ҳимоя қилиш учун масъул. Ашраф Ғани якунда ўз халқига интеллектуал жиҳатдан ва ривожланиш режаси борасида ҳар доим хизмат қилишини қайд этган.

Афғонистон собиқ президент Ҳамид Карзай мамлакатда «хаоснинг олдини олиш учун» Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини маълум қилди. Унга Карзайнинг ўзи, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдуллa Абдуллa ва Афғонисто Ислом партияси етакчиси, собиқ бош вазир Гульбеддин Ҳекматияр кирган.

Шунга қарамасдан, аввалроқ, Reuters толибларга таяниб хабар қилишича, «Толибон» ўтиш даври ҳукуматини тузмоқчи эмаслигини ва мамлакатда расмий ҳокимиятни тўғридан тўғри топширилишини исташини қайд этган. Толибонлар вакили Альханафи Вардак Афғонистоннинг вақтинча ҳукумати ҳақида музоракалар олиб борилмаётганини тасдиқлади.

Толибон Қобулда хавфсизликни таъминлашга ваъда берди ва аҳолидан «хавотир олмасликни» сўради.

«Тез орада шаҳарда вазият барқарорлашади ва фуқаролар тўла қониқиш билан одатдаги ҳаётга қайтишади», — дея Интерфакс «Толибон» баёнотидан иқтибос келтирмоқда. «Толибон» вакили фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулки хавфсиз эканига ишонтириб, шаҳар аҳолисидан «зарур ҳолатларда ёрдам сўраб мужоҳидларга мурожаат қилиш»ни таклиф қилди. «Ҳеч ким хавотир олмаслиги керак», — дейди толибонлар вакили.

Толибонлар Ашраф Ғанининг хонасида. Фото: Sputnik.

CNN мухбири Кларисса Вард Қобулда ҳукм сураётган «қўрқув ва ваҳима ҳисси ҳақида» гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, аксар одамлар «Толибон»нинг уйларини тарк этмаслик ҳақидаги чақирувига қулоқ солган, аммо президент мамлакатдан қочиб кетганидан сўнг, одамлар энг ёмон ҳолатга тайёргарлик кўра бошлади. Журналистнинг қўшимча қилишича, «Толибон» мамлакатнинг асосий вазирликлари устидан назорат ўрнатганини эълон қилган.

Қобул халқаро аэропорти тижорий рейсларни қабул қилишни тўхтатди, деб хабар бермоқда Associated Press АҚШ ҳарбийлари вакилларига таяниб. Бироқ, айни дам Қобулдан америкалик ҳарбийларни эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.

Ғарб мамлакатлари дипломатлари ўз қароргоҳларини тарк этиб, Қобул аэропортига етиб келишган. Миссиялар ходимларининг аэропортга юборилгани АҚШ, Германия ва Франция томонидан маълум қилинди. Ушбу мамлакатлар фуқаролари Афғонистондан эвакуация қилинмоқда.

АҚШ элчихонасининг Reuters`га хабар беришича, дипломатлар, расмий вакиллар ва бошқа афғонистонликлар келган пойтахт аэропорти ўққа тутилган.

Reuters ёзишича, ҳозирда Қобулдан АҚШ расмий вакилларининг эвакуацияси учун 6 минг ҳарбий ҳаракат қилмоқда. Пентагон Қобулда америкалик аскарларнинг сонини яна минг нафарга оширишга рухсат берган. Аввалроқ, америкалик фуқароларнинг эвакуациясини хавфсиз ташкил этиш учун 5 минг ҳарбий юборилган эди.

ТАСС агентлиги Брюсселдаги манбасига таяниб, Қобул халқаро аэропорти хавфсизлигини АҚШ, Буюк Британия ва Туркия ҳарбийлари таъминлаётганини маълум қилди.

«Қобул аэропорти халқаро назорат остида қолмоқда, унинг хавфсизлигини АҚШ, Буюк Британия ва Туркия ҳарбийлари таъминлайди. Аэропорт ҳозирда фаолияти олиб боряпти, хорижий вакилларни эвакуация қилиш ишлари кетяпти», — дея қайд этган агентлик манбаси.

Якшанба куни эрталаб, Ўзбекистон ТИВ «Газета.uz»га Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги фаолиятини давом эттираётгани ҳамда ходимлар ҳали эвакуация қилинмаганини маълум қилган эди. Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазият эса юмшагани, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган афғонларнинг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этгани айтилди.