16 июль куни Тошкент шаҳрида бошланган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бугун Афғонистон ўзининг янги тарихида „туб бурилиш палласи“ ни ўтказяпти. Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз. Ишончимиз комилки, бизнинг минтақалараро ҳамкорлигимиз, мамлакатда иқтисодиётни тиклаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун муҳим омил бўлади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.


Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бир неча ташаббусларни илгари сурди:

  • Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш;
  • Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўлининг қурилишини иштирокчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани, минтақалараро стратегиясининг алоқаларни кучайтириш учун савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш;
  • БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш;
  • Марказий ва Жанубий Осиёнинг туроператорларининг ягона платформасини шакллантириш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш;
  • ЮНЕСКО шафелигида Термизда Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш;
  • Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Шавкат Мирзиёев нутқидан сўнг БМТ бош котиби Антониу Гуттериш конференция иштирокчиларига видеомурожаат билан чиқди.