Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида вилоятларга сафари пайти «маршрут»ни тўсатдан ўзгартириши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва „чиройли“ рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман. Қанчалик аччиқ ва ноқулай бўлмасин, мен фақат тўғри ва ҳаққоний маълумотни билишни истайман. Бу мен учун тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу талабни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ, ҳалиям эскича усулда маълумот беришга уринишлар бўлиб туради.

«Лекин мен бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ана шу ҳақиқатни тушунмаганларнинг кўпчилиги билан хайрлашдик ва бу масалада талаб доимо қаттиқ бўлади. Халқимиз, Ватанимиз манфаатлари, жамиятимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг бахтини таъминлашга қаратилган бугунги ислоҳот жараёнларининг ўзи шуни талаб этмоқда. Бу борада бошқача йўл тутишга ҳаққимиз йўқ», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев бу талабни тушунмаган раҳбарлар ва амалдорларнинг ишдан олинишини айтиб ўтди.

«Менинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифимдан асосий мақсад — халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат. Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган «маршрут"лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман», — деди президент.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, унинг огоҳлантиришига қарамасдан, жойларда фақат президентнинг ташрифи олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида «майсазор» ва «гулзор"лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда.

«Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимият идораларининг иши президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозим.

«Шундагина ишимизда суръат ва сифат бўлади, натижа учун ишлашга ўрганамиз. Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди», — дейди у.

Шавкат Мирзиёев тараққиётининг бугунги янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этиш зарур деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда махсус қарор ҳам қабул қилинди. Юқорида айтиб ўтилган тоифага мансуб раҳбарларнинг ўринбосарлари президент ва Вазирлар Маҳкамаси олдида жавобгар.

«Бошқача айтганда, турли бўғиндаги раҳбар ўринбосарлари ўз бошлиғининг соясида юрадиган вақт ўтди. Энди улар ҳам аниқ вазифалар учун жавоб беради. Шахсий масъулият ва жавобгарлик барча бошқарув идоралари ходимлари учун бош мезон бўлади», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.