Гаитида содир бўлган зилзила натижасида энг камида 304 киши вафот этди, дея хабар берди РИА Новости. Маҳаллий Фуқаро мудофааси бошқармаси маълумотларига кўра, яна юзлаб инсонлар жароҳатланган ва бедарак йўқолган.

Гаити қирғоқларида 7,2 магнитудали зилзила шанба куни эрталаб содир бўлди. Ер ости силкинишлари ўчоғи кичик Пети-Тру-де-Нип аҳоли пункти шимолидан саккиз километр масофада жойлашган. Кейинроқ 5,2 магнитудагача кучдаги янги силкинишлар такрорланди.

Гаити бош вазири Ариэл Анри бир ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

АҚШ Геология хизматининг (USGS) аҳоли зичлиги, биноларнинг зилзилага бардошлиги тўғрисидаги маълумотлар таҳлили ҳамда шу каби фалокатлар бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаларига асосланиб хабар қилишича, мамлакатнинг минглаб фуқаролари ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин.