Айни вақтда президент ва Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учрашуви бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турлари бўйича сезиларли натижа бўлмаганини очиқ тан олиш кераклиги, бу ҳол мутасадди раҳбарларни жиддий ўйлантириши зарурлигини таъкидлади.

«Агар кимдир, бундан кейин ҳам олдинги Олимпия ўйинларида бўлгани каби, фақат яккакураш спорт турлари ҳисобидан ютуқларга эришамиз, деб ўйласа, адашади. Барчамиз яхши тушунамизки, Ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини намоён этишда 2024 йилда бўладиган Париж Олимпиадаси янада муҳим аҳамиятга эгадир», — деди президент.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, бўлғуси Олимпиада олдидан футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол сингари жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш асосий мақсад бўлиши зарур.

«Шу мақсадда спорт менежменти бўйича нуфузли халқаро компаниялардан бирини жалб этган ҳолда, мамлакатимизда ушбу соҳада бошқарув тизимининг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш мақсадга мувофиқ», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда жорий йил якунига қадар аудит натижаларига асосан жисмоний тарбия ва спортни ҳамда спорт федерациялари бошқарув тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб киритиш бўйича топшириқ берилди.

«Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпиадага 100 дан зиёд лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор. Ҳар бир ҳудуд кесимида Олимпиада ўйинларига ҳозирлик кўриш дастурларини ишлаб чиқиб, уни тизимли ташкил этиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, спорт таълим муассасаларида Паралимпия бўлимларини ташкил этиб, уларга 10 фоиз қўшимча квоталар ажратиш яхши натижа бериши мумкинлиги таъкидланди.

«Спортчиларни ўқитишда ота-оналар томонидан пул тўлаш тартибини бекор қилиш зарур. Шунингдек, битирувчиларни олий таълим муассасаларига жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тўғридан-тўғри иккинчи босқичга, имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизимини ҳам жорий этишимиз керак», — деди президент.