Айни дақиқаларда президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жойлар массивларини барпо этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Жумладан, жорий йилги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида, 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгиланиб, бунга 18 трлн сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига, яна қўшимча 300 млн доллар ажратдик.

Натижада, биргина ичимлик суви таъминоти соҳасида 1 минг 300 километр тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди.

Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 1 мингта трансформаторлар янгиланди.

«Лекин, барча соҳалар ва ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда сифатли бажарилаяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, жами 256 та (13 фоиз) ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган бўлса, 600 та (47 фоиз) объектлар бўйича тендер якунланмаган», — деди давлат раҳбари.

Шулар қаторида 290 та мактаб, 164 та боғча, 110 та тиббиёт муассасаси, 12 та маданият, 22 та маҳалла ва 2 та спорт объекти бор.

Жумладан, Хоразмда — 36 та (49 фоиз), Наманганда — 68 та (64 фоиз), Тошкент вилоятида — 104 та (64 фоиз), Фарғонада — 58 та (50 фоиз), Тошкент шаҳрида — 17 та (85 фоиз) объектлар бўйича тендерлар бошланмагани танқид қилинди.

«Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 368 та объектда ишлар амалга оширилиши белгилангани билан, ҳозиргача Тошкент шаҳри, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан бошқа ҳудудларда ишлар бошланмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

Раматов, Қўчқоров, Зокиров вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда барча объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини якунлаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаши кераклиги айтилди.

Президентнинг сўзларига кўра, бир ҳафта муддатда боғча, мактаб, оилавий шифокор пункти, поликлиника каби ижтимоий соҳа объектларини бўйича лойиҳа ҳужжатлари якунига етказилиши керак.

Бош прокурор ўринбосари А.Мавлонов дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кунлик назоратни кучайтириб, ҳар ҳафта камида 2 тадан вилоятга чиқади ва муаммоларни бартараф этишга кўмаклашади.

Шу билан бирга, дастурларни амалга оширишда қолоқликлар мавжуд ҳудудларга президент Администрацияси, Ҳукумат, Ҳисоб палатаси ва вазирликлардан масъул раҳбарлар йил якунига қадар бириктирилади:

  • Худайбергенов — Қорақалпоғистон ва Жиззахга;
  • Раматов — Қашқадарё ва Самарқандга;
  • Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Исломов ва Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари С.Саидкаримов — Тошкент вилоятига;
  • Президент маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов — Тошкент шаҳрига;
  • Бобожонов — Хоразмга;
  • Маматов — Бухорога;
  • Парпиев — Сурхондарёга;
  • Қўлдошев — Сирдарёга бориб, барча масалаларни жойида ҳал этишга ёрдам беради.

Худайбергенов, Раматов бириктирилган ҳудудлардан ташқари, барча ҳудудларда ишларнинг боришига ҳамда муаммоларни жойининг ўзида ҳал этилишига шахсан масъул ва жавобгар бўладилар.

Умуман, Раматов, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, дастурларда жорий йил учун белгиланган барча ишларни 1 октябрга қадар якунлаши керак.

Яна бир масала — жорий йилда ишга туширилган «Шаффоф қурилиш» тизими орқали, пудратчиларни очиқ-ошкора танлаб олиш натижасида, бир ойнинг ўзида инвестиция дастурлари доирасида 400 млрд сўмдан зиёд маблағлар иқтисод қилинди.

  • Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Сирдарёда — 40 млрд сўмдан;
  • Хоразмда — 35 млрд сўм;
  • Бухоро, Жиззах, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида — 30 млрд сўмдан иқтисод қилинган.

Раматов, Қўчқоров, Мусаев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда тендерлардан иқтисод қилинган маблағларни тегишли ҳудуддаги инфратузилмавий ва ижтимоий масалалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга йўналтириш бўйича объектлар кесимида чора-тадбирлар ишлаб чиқади.