Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси хабар бермоқда.

Депутатлар нафақат қонун ижодкорлиги билан шуғулланиши, балки ўз сайлов ҳудудида электорати билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиб, муаммоларни аниқлаш ва тезкор ечим топишда ҳам масъул бўлиши лозим. Лекин, қуйи палата депутатлари ҳар доим ҳам ҳам бу вазифани тўла бажариш имкониятига эга эмас, дейилади хабарда.

Депутатлар иши самарадорлигини ошириш ва аҳоли муаммоларини ҳал етишни жадаллаштириш мақсадида ёрдамчи институтини жорий этиш ташаббуси «Миллий Тикланиш» партияси фракцияси томонидан 2020 йилнинг январь ойида таклиф этилганди.

Қонун лойиҳасида сиёсий партиялар тўғрисидаги ҳамда депутатлар ва сенаторлар мақоми тўғрисидаги қонунларга ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда. Унда депутат ёрдамчисига қўйиладиган талаблар, унинг вазифалари, ишга жойлашиш ва ҳақ тўлаш масалалари белгилаб берилган.

Депутат ёрдамчиси депутатнинг вакили сифатида сайлов округида доимий фаолият юритади ва у депутат билан яқин қариндош ва судланмаган бўлиши лозим. Унга ҳақ тўлаш сиёсий партия маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

Ёрдамчи сайловчиларни Қонунчилик палатасидаги депутати фаолиятидан, ўз навбатида депутатни сайлов округида юз бераётган воқеалар, фуқаролар мурожаати, маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларидан хабардор қилиб туради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат.