«Барселона» клуби сардори Лионель Месси ўз клубини тарк этмоқда. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар бермоқда.

Испаниянинг «Барселона» клуби аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси билан келишувга эришган бўлса ҳам, молиявий ва бошқа тузилмавий муаммолар сабабли ўйинчини клубни тарк этишга мажбур бўлганлигини маълум қилди. Тузилмавий муаммоларга клуб «Ла лига қоидалари» дея изоҳ бериб кетган.

«Иккала томонлар ҳам клуб ва ўйинчининг истаги амалга ошмаганлигидан қайғуда», — дейилади хабарда.

Лионель Месси 2000 йил «Барселона»га қўшилган бўлса, 2003 йилдан бошлаб асосий жамоа сафида тўп сурган. «Барселона» сафида у 10 маротаба Испания чемпионатида, 4 маротаба Чемпионлар лигасида, 7 маротабадан Испания Кубоги ва Суперкубогида, 3 маротабадан Европа Суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонган.