Енгил атлетика. Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида аёллар ўртасидаги кўп кураш баҳсларида бугун 4 дастурда беллашувлар бўлиб ўтди.

Ушбу йўналишда Екатерина Воронина Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Бугунги дастурлар давомида у 100 метрга тўсиқлар оша югуриш ва 200 метрга югуриш дастурларида ўз шахсий рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Екатерина Воронина.

Қуйида Воронинанинг бугунги дастурларда қайд этган натижаси ва тўплаган очколарини ҳавола этамиз:

  • 100 метр, тўсиқлар оша: 14.19 сония (952 очко);
  • Баландликка сакраш: 1.77 метр (941 очко);
  • Ядро улоқтириш: 13.76 метр (778 очко):
  • 200 метр: 24.67 сония (917 очко);
  • Жами: 3588

Ҳозирда Воронина 3588 очко билан 20-ўринда турибди. Маълумот учун, Воронина эртага ҳам беллашувларни давом эттиради.

Каноэда эшкак эшиш. Ўзбекистонлик каноэчи қизлар Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокларини 200 метр яккалик баҳсларида саралаш босқичидан бошлашди.

Нилуфар Зокирова. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Биринчи гуруҳда стартга чиққан Зокирова 49.686 сония натижа билан ўз гуруҳида 6-натижани қайд этди. 4-саралаш гуруҳида иштирок этган Раҳматова 47.716 сонияда маррага етиб келди ва бешинчи натижани қайд этди. Ушбу натижалар уларга чорак финал баҳсларида қатнашишга имконият берди.

Дилноза Раҳматова. Фото: МОҚ ахборот хизмати

200 метр масофага кечган чорак финал беллашувида дастлаб Нилуфар Зокирова стартга чиқди. У ўз гуруҳида 48.995 сония натижа билан олтинчи бўлиб маррага етиб келди ва ярим финал йўлланмасидан қуруқ қолди. Иккинчи гуруҳда Дилноза Раҳматова 46.645 сония кўрсатди. Аммо бу натижа иккинчи ўринни қўлга киритган россиялик спортчидан 0.008 сония пастроқ натижа бўлди ва Раҳматова ҳам ярим финалга йўл ололмади. Регламентга кўра, чорак финалда ўз гуруҳларидан энг яхши натижа қайд этган икки нафардан спортчи кейинги даврада иштирок этади.

Эркин кураш. Ўзбекистонлик эркин курашчилар ҳам Токио-2020 дастуридаги иштирокини бошлашди. Улар орасида дастлаб Жавраил Шапиев 86 кг вазн тоифасида гиламга чиқди.

Жавраил Шапиев (кўк кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Рақиб Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра жаҳон чемпиони эронлик Ҳасан Яздани бўлди. Яздани якунда ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди. Рақиби финалгача етиб борганлиги учун Шапиев бронза медаллари учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида Ғуломжон Абдуллаев (57 кг) ўзбекистонлик эркин курашчиларнинг илк ғалабасига муаллифлик қилди. Абдуллаев дастлабки даврада хитойлик полвонни мағлуб этди.

Мингху Лиуга қарши кечган қизиқарли курашда Абдуллаев ғалабани ўз фойдасига ҳал қилди ва чорак финалга йўл олди.

Ғуломжон Абдуллаев (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Ғуломжон Абдуллаев чорак финал баҳсини сўнгги 2 жаҳон чемпионатининг ғолиби россиялик Заур Угуевга қарши ўтказди. Абдуллаев 6:4 ҳисобида олдинда бораётган пайт баҳс якунланишига бир неча сониялар қолганда Угуев 2 балл ишлаб олиб, ғалабани ўз фойдасига ҳал қилиб кетди. Абдуллаевнинг рақиби Угуев ҳам финалгача етиб борди ва унда ҳам бронза медаллари учун курашни давом эттириш имконият мавжуд.

Ғуломжон Абдуллаев (57 кг) ва Жавраил Шапиев (86 кг) эртага ронза медали учун курашни давом эттиришади.

Энди ўзбекистонлик курашчилар дастлаб ўтиш босқичидаги рақибларини мағлуб этиши керак. Демак, эртага уларнинг ўтиш босқичидаги ва уни муваффақиятли якунлаган тақдирларида бронза медали учун курашадиган рақиблари қуйидагича:

  • 57 кг: Ғуломжон Абдуллаев / Томас Гилман (АҚШ) — Ризо Атри (Эрон);
  • 86 кг: Жавраил Шапиев / Стефан Рейхмус (Швейцария) — Артур Найфонов (РОҚ).

Шунингдек, эртага 74 кг вазн тоифасида Бекзод Абдураҳмонов ҳам ўз иштирокини бошлайди. Унга биринчи даврада Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомес рақиблик қилади.

Бокс. Супер оғир вазн тоифасида Олимпиада олтин медали учун жанг қилаётган Баҳодир Жалолов ярим финал баҳсида британиялик Фрейзер Кларкка қарши рингга чиқди. Жангда Жалолов ўзининг кучли зарбалари билан рақибини ожиз қолдирди. 3-раунд ўтиб бораётган бир вақтда рақибнинг жароҳати сабаб беллашув тўхтатилди. Ўша вақтгача ҳисобланган очколар сони бўйича Жалолов яққол устунлик қилди ва Олимпиада финалига йўл олди.

Баҳодир Жалолов (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Олтин медаль учун кечадиган баҳсда унга АҚШ вакили Ричард Торрес рақиблик қилади. Торрес ярим финалда қозоғичтонлик Қашибек Кўнкабаевни мағлуб этди. Финал баҳси 8 август куни Тошкент вақти билан 11:15 да бошланади.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов Ричард Торрес билан 2019 йилги Жаҳон чемпионатида юзма-юз келиб, уни нокаутга учратган.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон иккита олтин ва битта бронза медали билан мусобақа жадвалининг 28-поғонасини эгаллаб турибди.