Тожикистонда 5 -10 август кунлари Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия қўшинлари иштирокида уч томонлама машғулотлар ўтказилади, дея хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz» га.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бўлинмаси машғулот ўтказиладиган жойга колоннада юриш қилди. Қўшни давлат ҳудудида колоннада юришларига Ўзбекистон ҳаво кучларининг МИ-35 жанговар вертолётлари ҳамроҳлик қилди.

Машғулотларда ташқи таҳдидларга қарши курашиш бўйича вазифалар устида ишлаш керак бўлади. Мазкур ҳамкорликдаги машғулотлардан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машғулотлар Тожикистоннинг Ҳарб-Майдон полигонида ўтказилади. Ўзбекистондан 200 га яқин ҳарбий хизматчи қатнашмоқда, 20 дан ортиқ ҳарбий техника жалб қилинади, дейилади хабарда.

Машғулотнинг асосий босқичида уч давлат ҳарбий хизматчилари давлат чегарасини кесиб ўтган ноқонуний қуролли гуруҳни йўқ қилиш бўйича тактик ҳаракатларни ишлаб чиқадилар, деб ёзади Россия Мудофаа вазирлиги.

Машғулот Афғонистонда ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги тўқнашувлар фонида ўтказилмоқда.

Фото