Токиодаги Олимпия ўйинларининг ўнинчи кунида 2 нафар спортчи Олимпиада беллашувларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.

Енгил атлетика. Бугундан Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида енгил атлетиканинг босқон улоқтириш йўналиши бўйича саралаш баҳсларига старт берилди. Унда ўзбекистонлик Суҳроб Хўжаев ҳам иштирок этди.

Суҳроб Хўжаев. Фото: МОҚ ахборот хизмати

«А» гуруҳида иштирок этган Хўжаев 71.26 метр натижа қайд этди. Бу унинг учун Олимпиадалардаги энг яхши кўрсаткичидир. Қайд этиш жоиз, Хўжаев аввал Лондон-2012 ва Рио-2016 Олимпиадаларида ҳам қатнашиб, 65.88 ва 70.11 метр натижа кўрсатган эди.

Шу тариқа ушбу гуруҳда Суҳроб Хўжаев сўнгги поғонада (15) қолди.

Юнон-рум кураши. Олимпия ўйинларининг бугунги куни доирасида юнон-рум курашчиси Жалгасбай Бердимуратов 1/8 финалда Карапет Чалян билан баҳс олиб борди. Жисмоний куч ва техник жиҳатдан устунлик қилган рақиб якунда ўз ғалабасини тантана қилди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Чалян финалга етиб борган тақдирда Бердимуратов бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолиши мумкин эди. Чаляннинг ўзи эса яримфиналда ютқазиб, Бердимуратовнинг турнирдаги иштирокига нуқта қўйди.

Жалгасбай Бердимуратов (кўк кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон битта олтин ва битта бронза медали билан турнир жадвалининг 45-поғонасини эгаллаб турибди.