ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ноқонуний ер олди-cотдиси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Биринчи ҳолатда, Фарғонанинг Бешариқ туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари қўлга тушди. У Бешариқ туман ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун турмуш ўртоғи раҳбарлигидаги деҳқон хўжалигига ажратилган ва тумандаги Тошариқ маҳалласида жойлашган 35 сотих ер майдонини 29 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 20 минг долларни олган вақтда ушланди.

Кейинги тезкор тадбир Олтиариқ туманида ўтказилди. Мансабдор шахс Қапчуғай қишлоғида жойлашган 20 сотих бўш ер майдонини фирибгарлик йўли билан 30 минг долларга сотишга уринади. У ҳужжатларни фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, келишилган маблағдан 15 минг долларини олганида қўлга тушди.

Бошқа бир ҳолатда эса Боғдод туманида яшовчи фуқаро бошқа бир шахс раҳбарлигидаги деҳқон хўжалигига қарашли 4,75 гектар ер майдонини мижозга 11 минг долларга сотишга келишиб, ҳужжатларни унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади. ДХХ ҳамда Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу фуқаро 11 минг долларни олган вақтида ушланган.

Шу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам аниқланди. Тезкор тадбирда фуқаро Чортоқ туманидаги МЧЖдан бирига қарашли 8 гектар ер майдонини боғдорчилик учун ажратиб, туман ҳокими қарорини танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига эса 7 минг доллар ва 31,5 млн сўм олганида ушланди.

Сурхондарё вилоятида қайд этилган вазиятда фуқаро 2 гектар ерни 100 млн сўмга сотишга уринади.

У ўзини Бандихон туманидаги фермер хўжалиги раҳбари деб таништириб, Давлат заҳирасида бўлган ер майдонидан 2 гектарини 50 млн сўмга сотишини ва ушбу ер ҳужжатларини туман хокимиятида ишловчи таниши орқали 50 млн сўм эвазига расмийлаштиришга ишонтиради. Ушбу пулларни олган вақтида эса тезкор тадбир ходимлари томонидан ушланади.

Юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.