26 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар 17 ялпи мажлисни 30 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда юқори палата ахборот хизмати.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда қуйидаги ҳужжатлар муҳокама қилинади:

  • «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида» ги қонун;
  • «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги қонун;
  • «Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонун;
  • «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонун;
  • «Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида» ги қонуни.

Бундан ташқари, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция (Тошкент, 2021 йил 15−16 июль) якунларидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳам назарда тутилган.


Шу билан бирга, сенаторлар 2021 йилги Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, ИИВнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг (мораторий даврида) кесилишига доир ахборотларини эшитишади.

Қолаверса, Боёвут, Қарши, Бўстон, Тўрақўрғон, Олот туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини ўрганиш натижалари, қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича парламент назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш кун тартибидан ўрин олган.

Ялпи мажлисда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти тўғрисида ҳисоботи кўриб чиқилади.