Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра 34,86 млн кишини ташкил этиб, йил бошидан 301,3 минг кишига ёки 0,9% га кўпайди, дейилади Давлат статистика қўмитасининг мамлакатдаги демографик вазият ҳақидаги ҳисоботида.

Шаҳар аҳолиси сони 17 млн 664,8 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,7%), қишлоқ аҳолиси сони эса 17 млн 195,4 минг киши (49,3%)ни ташкил этди.

Республика доимий аҳолиси сонининг 31,1% и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58% и меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,9% и меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2021 йил январь-июнь ойларида 390,7 мингта бола туғилганлиги қайд этилди, бу 2020 йилнинг биринчи ярмига (365,6 минг) нисбатан 7% га кўп демакдир. 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 22,7 промиллени ташкил этди ҳамда 2020 йилга нисбатан 1,1 промиллега ошганлиги кузатилди (2020- йилда 21,6 промиллени ташкил этган).

Туғилганлар сони ойлар бўйича таҳлил этилганда энг кўп қайд этилган туғилганлар сони 2020 йилда июнь ойида (74 448 киши) кузатилган бўлса, 2021 йилда ҳам июнь ойида (78 888 киши) кузатилди. Aксинча, энг кам қайд этилган туғилганлар сони 2020 йилда апрель ойида (55 161 киши) кузатилган бўлса, 2021 йилда февраль ойида (53 759 киши) кузатилди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида 79,7 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 7 фоизга кўпроқ (74,6 минг). Ҳар 1000 аҳолига ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этган ҳамда 2020 йилга нисбатан 0,2 промиллега ошгани кузатилди (2020 йилда — 4,4 промилле).


Вафот этганлар ҳудудлар бўйича таҳлил этилганда ҳар 1000 аҳолига нисбатан энг кўп ўлим ҳолати Тошкент шаҳрида (6,0 промилле) қайд этилган. Aксинча, ҳар 1000 аҳолига нисбатан энг кам ўлим ҳолати Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида (4,0 промилле) қайд этилганлиги кузатилди.

2021 йилнинг дастлабки олти ойида қайд этилган ўлим ҳолатининг 61,4% и — қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4% и — ўсимталардан, 5,7% и — бахциз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,9% и — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,5% и — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9% и — юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,2% и — бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган бир ёшгача вафот этган болаларнинг 59,2% и — перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 18,4% и — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,4% и — туғма аномалиялардан, 2,8% и — юқумли ва паразитар касалликлардан, 1,8% и — бахциз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,7% и — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 5,7% и — бошқа касалликлардан вафот этган.

Ўтган ярим йил ичида тузилган никоҳлар сони 119 мингтани ёки 2020 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 1,6 баравар кўпроқни (75,6 минг) ташкил этди.

Энг юқори никоҳ коэффициенти (промилле) Хоразм (8,2), Қорақалпоғистон Республикаси (8,2), Бухоро (7,8) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (7,5) кузатилди. Энг кам никоҳ тузиш коэффициенти (промилле) Aндижон (6,0), Наманган (6,0), Қашқадарё (6,1) ва Фарғона (6,4) вилоятларида кузатилди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида ажримлар сони 19,4 мингтани ташкил этди. Бу 2020 йилнинг шу давридаги 12,8 мингтадан 1,5 бараварга кўпроқдир. 2018 ва 2019 йилларда биринчи ярим йилликда ажримлар сони 16,4 минг ва 16 мингта бўлган.

Энг юқори никоҳдан ажрашганлар коэффициенти (промилле) Тошкент шаҳри (2,1), Сирдарё (1,5), Тошкент (1,4) ва Навоий (1,3) вилоятларида кузатилди. Энг кам никоҳдан ажрашганлар коэффициенти (промилле) Қорақалпоғистон Республикаси (0,7), Қашқадарё (0,8), Сурхондарё (0,8) ва Хоразм (0,8) вилоятларида кузатилди.