Тожикистонинг Афғонистон билан чегаралари яқинида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг ҳарбий полигонларида 100 минг нафар афғонистонлик қочқинларни қабул қилиш ва жойлаштириш имконияти мавжуд. Бу ҳақда ASIA-Plus нашриёти Тожикистон фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Имомали Иброҳимзодага таянган ҳолда хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, агар зарурият туғилса, мамлакат бунданда кўпроқ афғонистонлик қочқинларни қабул қилиши мумкин. «Биз халқаро ташкилотлар билан биргаликда республиканинг афғон қочқинларини қаубл қилиш бўйича салоҳиятини ўрганяпмиз», — дея таъкидлади қўмита раҳбарининг ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, яқин орада Кушониён тумани ва Хорог шаҳри ҳудудида афғон қочқинлари учун палаткалар, ётоқ жиҳозлари, гигена воситалари ва идишлар сақланадиган иккита махсус омборлар эксплуатацияга топширилади.

Шунингдек, Имомали Иброҳимзоданинг маълум қилишича, июль ойида Тожикистонда 1574 нафар қочқин қўним топган. Улар мамлакат ҳукумати ҳисобидан тиббий ёрдам, яшаш учун палаткалар, уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ жиҳозлари ва ошхона маҳсулотлари билан таъминланган.

«Ушбу афғон қочқиноари ўз ватанларига, Кобул ва Мозори-Шариф шаҳарларига 11 та чартер авиарейслари орқали қайтарилган», — дея қўшимча қилади қўмита раҳбарининг ўринбосари.

«Толибон» ҳаракати афғон ҳукумати томонидан назорат қилинадиган ерларга ҳужум қилиши оқибатида афғонистонлик қочқинлар қўшни мамлакатларга ўтиб кетишмоқда. Тожикистон олдинроқ ҳам қочқинларни қабул қилишга тайёр эканлигини билдирган, хусусан, Хатлон вилоятида улар учун вақтинча туриш базаси қуриш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон эса қочқинлар бўйича позициясини эълон қилмаган. Июль ойининг бошларида Термиздан ташқарида палаткали шаҳарча ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди, лекин мамлакат расмийлари ҳозирча ушбу маълумотга изоҳ беришганлари йўқ.