Тожикистоннинг Жайхун туманида қочқинларни вақтинчалик сақлаш базаси қурилиши учун махсус жой ажратилди. Бу ҳақда 19 июль куни матбуот анжуманида Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода маълум қилди, дея хабар берди «Азия-плюс».

Бунинг учун вилоят бюджетидан зарур маблағ ажратилган. Қурилиш ишларини Тожикистон ИИВ халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

Ҳудуд раҳбари илк қочқинларнинг Қуйи Панж кўприги орқали Хатлон вилоятига қурол-яроғ ва техникалари билан кириб келган 113 нафар ҳарбий бўлганини ҳам айтиб ўтди.

«Биз уларни қабул қилдик, чодирлар ва иссиқ овқат билан таъминладик. 94 киши Шамсиддин Шохин туманига чегарадан ўтишди. Улар учун чегарадош бозорда чодирли шаҳарча қурдик. Мўминобод туманидаги Мўмиракда [қишлоғи] ҳам марказлаштирилган чодирли шаҳарча ташкил этилди», — дея қўшимча қилди у.

Қурбон Ҳакимзода Хатлон вилоятида бўлган ва Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудига давлат чегаралари орқали ўтган барча қочқинлар Кўлоб аэропортидан Кобулга қайтганини маълум қилди.

У Тожикистондаги фуқаролик уруши вақтида афғонлар фуқароларни қабул қилиб, ойлар давомида турар-жой, озиқ-овқат билан таъминлаганини эслатиб ўтди.

«Бугун улар бошига мушкул иш тушди ва биз шунчаки одамгарлик юзасидан ёрдам беришга мажбурмиз. Албатта, хавфсизлик ва санитария меъёрларини ҳисобга олган ҳолда», — дея таъкидлади Қурбон Ҳакимзода.

Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни Тожикистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) Афғонистон билан чегарада хавфсизликни кучайтиришга ёрдам беришни сўраган эди. Ўшанда Тожикистоннинг КХШТдаги доимий вакили сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистон ҳукумат кучларининг 1500 га яқин ҳарбий хизматчилари Тожикистон ҳудудига ўтганини маълум қилди.

Июль бошида Eurasianet ҳукумат кучлари ва «Толибон» ўртасидаги жанглар бўлиб ўтаётган Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларидан қочқинлар оқими кириб келиши кутилаётгани муносабати билан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида Термиз яқинида чодирли шаҳарча қурилгани ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» мазкур хабарни текшириш учун 8 июль куни ДХХ Чегара қўшинлари раҳбарияти номига ёзма сўров жўнатган эди, бироқ ҳозирча жавоб олгани йўқ.