«Асакабанк» бош офиси ҳамда Бухоро вилоят филиали мансабдор шахслари, G. B. A. компанияси раҳбари ва K. S. МЧЖ ходимлари фирибгарликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, улар «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида «Осиё тараққиёт банки» маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда гумон қилинмоқда.

Гумондорлар ўзаро жиноий тил бириктириб, «Асакабанк» АЖнинг 2017 йилга мўлжалланган кредит сиёсатида белгиланган кредит ажратишнинг умумий мезони талабларига зид равишда, кредит суммасининг гаров таъминоти билан етарли миқдорда таъминланмаган ҳолда айрим ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.

Улар давлат ва банк манфаатларига кредитнинг асосий қисми тўланмаганлиги натижасида 1,28 млн доллар (эквивалентда 13,57 млрд сўм) ҳамда фоиз ва пеня қарздорлиги ҳисобидан 358 минг доллар (эквивалентда 3,79 млрд сўм) миқдорида зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ОТБ ўртасида 154,0 млн доллар миқдорида 2017 — 2021 йилларда амалга оширишга мўлжалланган қарз битими имзоланган.

Икки йил давомида 151 млн доллар миқдоридаги кредит линиялари учун ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилган, шунингдек, лойиҳани бошқариш ва мониторинг қилиш учун 3 млн доллар ажратилган.

Хабар қилинишича, ажратилган маблағлар ҳисобидан 161 та фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан: 137 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимлари ҳамда замонавий иссиқхоналарни жорий этиш билан 3370 гектар майдонда интенсив боғлар; 67 минг тонна сиғимга эга бўлган 58 та совутиш омборлари, йиллик қуввати 121 минг тоннага тенг бўлган 28 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш линиялари ҳамда 3500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши 2018 йил 14 июнда қўшимча 198 млн доллар миқдорида лойиҳани қўшимча молиялаштириш учун, 5 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, тўлаш муддати 25 йил бўлган қарзни Ўзбекистога тақдим этилишини маъқуллаган.