Навоий аэропорти божхона хизмати ходимлари маданий бойлик ҳисобланган танга ва қоғоз пулларнинг мамлакатдан олиб чиқилишига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Навоий аэропорти» чегара божхона пости орқали хорижга учиб кетаётган фуқаро П.С ҳамда Д.Т.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахслар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, ушбу фуқароларга тегишли бўлган сумка ичида, декларацияда кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган Рус империясининг 14 дона тангаси ва 8 дона қоғоз купюралар борлиги аниқланди. Тангаларнинг қиймати кўрсатилмаган бўлиб, улар 1841 йил 16 апрель куни бўлиб ўтган Александр II ва Мария Гессен-Дармштадт никоҳ тўйи шарафига зарб этилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДБҚнинг қайд этишича, фуқаролар «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги низом талабларини бузишга уринишган.