Коронавирус билан касалланишнинг кўпайиши Ўзбекистонда июнь ойининг ўрталаридан бошлаб кузатилмоқда. Тошкент шаҳрида ва вилоятларда тақсимлаш марказлари қайта очилди, пойтахт ҳудудига беморлар учун мўлжалланган Зангиота ихтисослаштирилган шифохоналари эса қўшимча юклама билан ишламоқда.

«Газета.uz» билан суҳбатлашган Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев касалланиш ҳолатларининг кўпайиши ва соғлиқни сақлаш тизимидаги юкламанинг ошишини Ўзбекистонда «дельта» вариантининг (биринчи бўлиб Ҳиндистонда аниқланган) тарқалиши билан боғлайди.

Эмлаш касалликнинг оғир ўтиши олдини олиши мумкин, аммо эмлаш қамрови даражаси ҳали ҳам паст. Эркин Мусабоевнинг сўзларига кўра, эмлаш билан қамровнинг пастлиги таклиф қилинаётган ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасига аҳоли орасида ишончнинг пастлиги билан ҳам боғлиқ. «Газета.uz» мутахассисга эмлаш, эмлашга тайёргарлик ва бошқа масалалар бўйича саволлар билан юзланди.

— Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайишининг сабаби нимада?

— Биз иккинчи тўлқинни кузатяпмиз. Ўтган йили, тахминан июнь ойида, касалланиш даражаси ўса бошлади. Бу деярли ноябргача давом этди. Ноябрдан апрелгача нисбатан тинч эди. Вируснинг тарқалиши энг юқори даражага етганми ёки йўқми, биз ҳали билмаймиз.

Таҳририятдан. Бир йил олдин Эркин Мусабоев «Газета.uz»га берган интервьюсида биринчилардан бўлиб коронавирус пандемиясининг билвосита қурбонлари ҳақида огоҳлантирган эди. Шунингдек, у касалликнинг ҳақиқий ва рўйхатга олинган статистикаси ўртасидаги фарқни тушунтирган эди.

Касалланиш ҳолатларининг кўплиги янги штамм билан боғлиқ. Эмланиш зарур. Эмлаш қамрови паст. Буни умуман эмлаш яқинда бошлангани, аммо аҳолининг эмлашга нисбатан салбий муносабати билан изоҳлаш мумкин.

— «Дельта» варианти бошқаларига қараганда оғирроқ кечадими?

— Бир нима дейиш мушкул. Биз ҳали жиддий таҳлил ўтказмадик. Аммо эпидемиянинг бошланиши билан таққослаганда, биз даволашни ўргандик.

— Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳозирда шифохоналарга фақат ўта оғир беморлар ётқизилаётгани, шунингдек, охиригача тузалмаган беморларга жавоб берилаётганидан шикоят қилишяпти. Аслида ҳам вазият шундайми?

— Дунёнинг ҳеч бир ерида касаллар ойлаб касалхоналарда ётишмайди. Буни ташкиллаштиришнинг имкони йўқ. Касалхонада оксигенацияга — кислородга уланишга муҳтож бўлганлар ётиши керак. Бошқа ҳолларда, сиз уйда даволанишингиз мумкин. Юқумли касалликлар шифохоналари реабилитация маркази эмас. Шунинг учун оғир даврда касалхонада бўлиб, хавф тугагач, бемор уйига юборилади.

— Антитаначалар даражаси организмни ковиддан ҳимоя қилишнинг ягона кўрсаткичими?

— Бу асосий кўрсаткич. Шунингдек, иммунитетнинг ҳужайраларига қарайдиган жуда мураккаб усуллар мавжуд. Билишимча, бизда бу усуллар мавжуд эмас. Улар аниқроқ эмас, улар шунчаки антитаначаларни, тананинг ҳимоя кучлари ҳақида маълумотни тўлдиришади.

— Одамлар ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасини олгандан кейин антитаначалар даражаси 500 дан камни ташкил қилади дейишади, рус олимлари эса антитаначалар даражаси 1000 дан кам бўлмаса, вакцинани самарали деб ҳисоблайдилар. Шу билан бирга, барча фуқаролар топширадиган IgM ва IgG антитаначалар натижалари «исталган» рақамлар билан мутлақо таққослаб бўлмайдиган кўрсаткичларни беради. Ҳимоя борлигини тушуниш учун қандай антитанача тестларини ўтказиш керак? Ушбу кўрсаткичлар қандай бўлиши керак?

— Махсус антитаначалар тестини топшириш лозим. Улар нейтраллаштирувчилар ёки RBD деб номланади. Ушбу антитаначалар иммунитетни кўрсатади. Агар биз умумий антитаначаларни — IgM ва IgGни кўриб чиқсак, бу ҳеч нарсани кўрсатмайди. Бу одам касал бўлиб қолганми ёки йўқлигини кўрсатади, аммо иммунитетни эмас.

— Аммо одам касалликни бошидан ўтказган бўлса, унда барибир ҳам иммунитет ишлаб чиқариладику.

— Махсус маълумотсиз одамлар учун тушунарсиз бўладиган мураккаб тафсилотларга киришмайлик. Антитаначалар даражаси бўйича вакцинанинг самарадорлиги ҳақида гапириш учун махсус нейтраллаштирувчи антитаначаларни кўриб чиқиш керак. 500, 100 ёки 200 сонларига қараш керакмас. Меъёрга қарашга лозим. Одатда, агар бу кўрсаткич меъёрдан 10 ёки ундан ортиқ бирликка юқори бўлса, бу аллақачон иммунитет етарли эканлигини кўрсатади.

— Нейтраллаштирувчи антитаначаларга қаерда тестлар топшириш мумкин?

— Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳам топшириш мумкин. Кўпгина хусусий лабораториялар ҳам ушбу тестни ўтказадилар.

— Бироқ, хусусий клиникаларда антитаначалар учун тест топширган барча танишларимнинг тест натижаларида IgМ ва IgG ёзилган.

— Хато. Афсуски, лабораториялар ўзлари ўтказган таҳлилларни қандай шарҳлашни билишмайди. Умуман олганда, одамлар нима учун ушбу кўрсаткичларни билишлари кераклиги аниқ эмас.

— Яқинда Президент администрациясига яқин бўлган «Нигоҳ» Телеграм каналида ўзбек-хитой вакцинаси «дельта» вариантидан ҳимоя қилади деган хабар эълон қилинди. Аслида ҳам шундайми?

— Ҳимоя қилади, аммо нейтраллаштирувчи антитаначалар миқдори барибир юқори бўлиши керак, чунки «дельта» — бу ўзгарган вариант. Организмнинг ушбу вариантга қарши ҳимояси Ухань вариантидагидан кўра пастроқ. ZF-UZ-VAC2001 билан эмлашдан сўнг ҳосил бўлган антитаначалар «дельта» вариантини тўсиб қўяди. Аммо нейтраллаштирувчи антитаначаларнинг концентрацияси қанчалик юқори бўлиши кераклиги ҳақида бир нарса дейиш қийин.

— Биз ушбу тадқиқотларни ҳеч қаерда кўрмаяпмиз. Бу қандай аниқланди?

— Чунки бу тадқиқотлар ҳали давом этмоқда. Бу жуда мураккаб жараён. Масалан, мен ўз институтимда (Вирусология илмий-тадқиқот институтида — таҳр.) тадқиқотлар ўтказмоқчи бўлсам ҳам, менда бундай лаборатория даражаси йўқ. Бунинг учун махсус шароитлар зарур.

Ҳозирда ҳукумат қарори бор. Биз BSL-3 даражасидаги лабораторияни қурамиз. У ерда вакцинанинг маълум бир штаммдан қанчалик ҳимоя қилишини кўриш мумкин. Бу арзон тадбир эмас. Шунинг учун, ҳозир, афсуски, биз буни бу ерда аниқлай олмаяпмиз. Билишимча, хитойликлар ушбу вакцинанинг «альфа» (биринчи марта Буюк Британияда аниқланган) ва «бета» (Жанубий Африкада аниқланган) вариантларига қарши самарадорлигини тасдиқлашди. Вакцинанинг «Дельта» версиясига қарши самарадорлиги тўғрисида менда маълумот йўқ. Эҳтимол, хитойликлар кўриб чиқишган.

— Мамлакатимизда бундай лабораториялар умуман йўқми?

— Йўқ, умуман йўқ. Бунақа ёмон ҳодисалар содир бўлгунга қадар вирусологияни ривожлантириш учун каттароқ маблағ ажратилмасди.

— Агар бизда бундай лабораториялар бўлмаса, вакцинанинг «дельта» вариантидан ҳимоя қилиши бўйича маълумотларни қаердан оляпмиз?

— Мен улар буни қаердан олганини билмайман. Агар улар шундай деяётган бўлишса, демак, хитойликлар буни кўриб чиқишган ва ўз лабораторияларида кўздан кечиришган.

— Ўзбекистондаги III босқич синовларида қатнашган кўнгиллиларнинг таҳлиллари Хитойга юбориляптими?

— Қисман жўнатиляпти. Ушбу синов учун бизнинг институтимиз ва Инновацион ривожланиш вазирлиги жавобгардир. Лаборатория қисми учун вазирлик жавобгар. Аммо, лойиҳа дизайнига кўра, таҳлиллар юборилиши керак.

Нейтраллаштирувчи антитаначалар вакцинанинг учинчи дозасини олгандан кейин ўртача 20 кун ўтгач пайдо бўлади. Хитой вакцинасига кўра, иккинчи инъекция кўрсатгичлари 63% ни ташкил этди, яъни кўнгиллиларнинг 63%да антитаначалар ишлаб чиқилди. Учинчи инъекциядан сўнг — 96−97% да.

Улар ёшлар эди. Агар соматик касалликлар мавжуд бўлса, унда антитаначалар камроқ ҳосил бўлади. Бу исботланган. Кекса одамларда антитаначалар камроқ ҳосил бўлади. Кўрсаткич ўз ўзидан пастроқ бўлади. Шунинг учун, агар киши битта ёки икки дозани олган бўлса, афсуски, унинг ҳимояси етарли эмас.

Эмланганларнинг 96−97 фоизи ҳимояси ҳақида гапирганда, уларнинг организми Ухань вариантидан ҳимоя қилингани назарда тутилади. «Дельта» вариантига қарши ҳимоя етарли бўлмаслиги мумкин.

— Аммо организмни ҳеч бўлмаганда касаллик оғир кечишидан ҳимоя қилиш мумкинми?

— Бу масала ҳозир таҳлил қилинмоқда. Ҳозир биз ушбу тадқиқотларни олиб бормоқдамиз. Агар эмланган киши касал бўлиб қолса ҳам — касаллик қандай кечади? Агар у икки марта акса урса, бир марта ҳарорати кўтарилса — ҳечқиси йўқ. Масала касалликнинг оғир кечишидан ва асоратлардан сақланишда. Ҳозир биз тадқиқот олиб боряпмиз ва бу қандай кечаётганини кузатяпмиз.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

— Вакцинани қабул қилишдан олдин коронавирусни бошдан ўтказганлар антитаначалар учун тест топшириши шартми?

— Мен шунчаки эмланиш керак деб ҳисоблайман. Хоҳиш бўлса, тестни ўтказиш мумкин. Касал бўлганларнинг бир қисми юқори антитаначаларга эга бўлади. Ҳар ҳолда, агар камида битта вакцина дозаси қилинса ҳам антитаначалар янада юқорироқ бўлади.

— Агар одамда антитаначаларнинг даражаси юқори бўлса, бу қандайдир оқибатларга олиб келмайдими?

— Йўқ. Яхшиямки, йўқ. Баъзи касалликларнинг антитаначалари юқори даражада бўлганида эмлаш мумкин бўлмайди. Буларга, масалан, денг безгаги киради. Яхшиямки, ковид ҳолатида бундай эмас.

— Агар одам коронавирусни бошидан кечирган бўлса, қанча вақтдан кейин вакцинани олиши мумкин?

— Уч ой ичида дейишади. Аммо бу ҳам шартли. Ўртача уч ой.

— Агар одамда касаллик белгиларсиз кечаётган бўлса, эмлашдан олдин ПЗР тестини топшириш керакми?

— Агар бемор жуда хоҳлаётган бўлса, албатта топшириши мумкин. Аммо, умуман олганда, нимага керак? Шунчаки эмланиш лозим.

— Короновирусга чалинганлар ҳам эмланиши мумкинми?

— Йўқ. Агар касал бўлган бўлса, вакцина энди фойдасиз. Икки-уч ой кутиш керак.

— Касаллик пайтида эмлаш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

— Тажрибамда коронавирус билан касалланганларни эмлашда ёмон нарса кузатмаганман.

— Эмлашдан олдин соғлиғимиз ҳақида қандай маълумотларни билиш керак?

— Биринчидан, сурункали касалликларнинг ўткир ҳолати ва кучайиши бўлмаслиги керак. Айтайлик, гипертоник инқироз.

— Вакцина олган танишларимга бундай саволлар берилмаган. Ҳарорат, босим ўлчаниб, соғлиғи ҳақида сўралган.

— Чунки қўллаш мумкин бўлмаган жиддий ҳолатлар мавжуд бўлмаган.

— Онкологик ва аутоиммун касалликлар булар сирасига кирмайдими?

— Вакцина янги бўлгани учун батафсил маълумотлар йўқ. Мен онкологик касаллиги борларнинг эмланишида ёмон нарса кўрмаяпман. Аутоиммун касалликлар ҳолатида ҳам. Менинг фикрим: агар аутоиммун касалликка чалинган одам ковид билан касал бўлиб қолса, вакцинадан кўра кўпроқ асоратлар бўлади.

— Сиз ҳомиладор аёлларни эмлаш мумкин, дегандингиз, аммо «Нигоҳ» каналида бунинг акси ёзилмоқда. Бундан ташқари, эмлашдан кейин олти ой ичида ҳомиладорликни режалаштириш тавсия этилмайди.

— Тератоген таъсирга — эмлашнинг ҳомилага таъсирини ҳеч ким ўрганмаган. Антитаначалар аллақачон ишлаб чиқилган ҳолатда эмлаш ҳомиладорликка ҳеч қандай таъсир қилмайди деб ўйлайман. Менимча, олти ой ёки бир йил ичида ҳомиладор ҳайвонларда эмлаш тадқиқотлари бўйича маълумотлар пайдо бўлади. Бу жараёнлар параллель равишда олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар мен бундай тадқиқотлар ҳақида ўқимадим.

— Эмланишга қандай тайёргарлик кўриш керак?

— Ҳеч қандай. Шунчаки бориб, эмланиш керак.

— Эмланишдан олдин ва кейин спиртли ичимлик ичиш мумкинми?

— Тавсия қилинмайди. Ҳар ҳолда, кўп миқдорда. Аниқ маълумотлар йўқ. Аммо антитаначалар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда, эмлашдан кейин бир ҳафта давомида спиртли ичимликлардан воз кечиш тавсия этилади.

— Агар бирор киши бошқа касалликларга, масалан, гриппга ёки гепатитга қарши эмланган бўлса, ковидга қарши эмланиши мумкинми?

— Ҳа, лекин орадан камида 20 кун ўтиши керак.

— Баъзи каналлар укол қилинган жойни уч кун давомида ҳўллаш мумкин эмас деб ёзишади. Шундайми?

— Билмайман. Ҳўлламаслик мақсадга мувофиқ. Агар бирор бир фоизда йиринг кузатилса, албатта ҳўлламаслик лозим. Ҳар ҳолда, мен эмландим ва ҳўлламаслик тўғрисида унутдим, ювиндим. Ҳеч бир салбий ҳолат юз бермади.

— Вакцина олгандан кейин яқинлардан изоляция қилиниш керакми?

— Йўқ. Эмлашдан кейин одам касал юқтирадими? Ажралиб юришнинг нима кераги бор? Вакцинада генетик код, вирус йўқ. Иммунитет жавоб берадиган кичик бир оқсил мавжуд холос. Бу бошқа барча ковид вакциналарига ҳам тегишли. Генетик коднинг ўзи йўқ. Эмланган одамлар бошқаларга касал юқтирмайдилар.

— Вакцинадан кейин иситмаси кўтарилиб, тумов бўлганлар нима қилиши керак?

— «Парацетамол» ичиш керак. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

— Вакцинанинг биринчи ёки иккинчи дозасидан сўнг одам коронавирус билан касалланса, у учинчи дозани олиши керакми?

— Йўқ, тамом. Агар у касал бўлиб қолса, давом эттирилмаса ҳам бўлади, чунки аллақачон иммунитет етарлича ҳосил бўлган. Соғайгач, унга эмлаш керак бўлмайди. Чунки касаллик энди иммунитет тизимини рағбатлантирувчи омил сифатида ишлайди.

— Агар дозалар оралиғи узайтирилса, эмлаш қанчалик самарали?

— Аҳамияти йўқ. Эмланиш мумкин. Ҳатто бирор бир сабаб билан вақтида ололмаган бўлсак ҳам, бир ярим ой ёки ҳатто икки ой ўтганидан кейин ҳам биз эмлансак бўлади. Эмланиш керак, тамом.

— Ушбу самарадорлик қандай аниқланган?

— Яна айтаман, антитаначаларга қараш керак. Вакцинологиянинг умумий қонуни мавжуд.

— Ўзбек-Хитой вакцинаси, шунингдек AstraZeneca ва «Спутник V» билан эмлангандан кейин қанча вақт ўтгач қайта эмланиш керак бўлади?

— Ҳозирда бу масала кўриб чиқилмоқда. Бу умуман керакми ва қачон керак бўлади. Бу борада ҳали аниқ кўрсатмалар мавжуд эмас.

— Аммо Россияда, масалан, аллақачон қайта эмлаш бошланган.

— Бунинг илмий асослари йўқ деб ўйлайман.

— Хитой вакцинасидан кейин антитаначалар қанча давом этиши ҳали аниқ эмасми?

— Йўқ.

— Бу эмлашдан олдин, агар керак бўлса, антитаначаларга тест топшириш керак бўлади деганими?

— Шарт эмас. Билмайман. Бунинг учун алоҳида тадқиқотлар ўтказилиши керак.

— Кўпчилик вакциналар фертилликка (насл яратиш қобилияти) таъсир қилади деган хавотирда.

— Бу сафсата.Улар фертилликка мутлақо таъсир қилмайди. Улар унга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ҳатто тушунмаяпман.

— Вирус мутацияга учраяпти. Мавжуд вакциналар янги турдаги вирусларга қарши иш берадими?

— Менимча, худди грипп билан бўлгани каби вакциналар ҳар йили ўзгариб туради. Грипп ҳолатида ҳам ҳар йили мавсумий вакцина қилинади.

— Касалликнинг янги вариантлари пайдо бўлиши сабабли мавжуд вакциналар такомиллаштириляптими?

— Билишимча, Pfizer компанияси «дельта» штаммига қарши вакцина ишлаб чиқариш устида иш бошлаган.

— Биз жамоавий иммунитетини шакллантириш учун катта ёшдаги аҳолининг 60% эмланиши зарурлиги тўғрисида эшитяпмиз. Аммо ҳозирда 70−80−90% аҳоли эмланиши кераклиги ҳақида маълумотлар пайдо бўляпти. Энг аниқ рақам қайси?

— Бу кўрсаткич қанчалик баланд бўлса, шунчалик яхши. Аммо камида 60%.

Сабина Бакаева суҳбатлашди.