Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Атабековнинг маълум қилишича, ўтган уч ойдан кўпроқ вақт мобайнида республика бўйича 850 мингдан ортиқ нафар фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ босқичда эмланган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 34 млн 860 минг 170 кишини ташкил этади. Ушбу маълумот асосида ҳисобланса, коронавирусга қарши эмланганлар аҳолининг умумий сонидан 2,44 фоизини ёки 19 ёшдан катта бўлганларнинг деярли 4 фоизини ташкил этади.

Ўтган йилнинг ноябрида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов 2021 йилнинг июнига қадар мамлакат аҳолисининг 60 фоизини эмлаш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

7 июль ҳолатига кўра, коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси 2 млн 680 минг 533 киши, иккинчи дозаси — 1 млн 369 минг 932 киши, учинчи дозаси — деярли 442 минг киши томонидан қабул қилинган.

Маълумот учун, ҳозирга қадар Исроилда 55,61%, АҚШда 47,42%, Туркияда 19,17%, Буюк Британияда 49,86%, Россияда 12,59%, Қозоғистонда 11,77 аҳоли коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Ўзбекистонда эмлаш босқичлари

Биринчи босқичда аҳолини эмлаш COVID-19 юқтириш хавфи остида бўлган шифокорлар ва 65 ёшдан катталарни қамраб олди, 27 апрелдан мактаб ўқитувчилари ва мактабгача тарбия муассасалари ходимлари, 31 майдан чет элларда таҳсил олаётган талабалар, 22 июндан 50 ёшдан катта фуқаролар ва университет ўқитувчилари.

Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви муносабати билан 25 июнь куни Тошкентда 18 ёшдан ошган барча аҳоли гуруҳларига ихтиёрий коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Бозорлар, супермаркетлар, маҳаллалар ва аҳоли гавжум бошқа жойларда 46 та эмлаш пункти очилди. «Газета.uz» мухбири улардан бирида вакцина олгани ҳақида ёзган эди.

Аввалроқ, Ўзбекистонда уч ой ичида 685,5 минг киши ёки аҳолининг 2 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмлангани ҳақида хабар берилган эди.