Пайшанба куни эрталабдан бошлаб Тошкентнинг марказий кўчаларида вақти-вақти билан транспорт ҳаракати чекланмоқда. Бу асосий тадбирлари жума куни бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция билан боғлиқ.

Форумнинг олий мартабали хорижий меҳмонлари орасида Афғонистон президенти, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубйи Осиё ва бошқа давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва расмий вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар раҳбарлари мавжуд.

Фото: Евгений Сорочин/"Газета.uz".

Тошкент шаҳар ИИББ бир неча кун олдин Tashkent City бизнес маркази атрофидаги кўчалар автотранспорт ҳаракатланиши учун ёпиқ бўлиши ҳақида хабар берган эди. Бироқ ҳозирда вақти-вақти билан катта тирбандликлар шаҳарнинг турли туманларидаги бошқа кўчалаларда ҳам кузатилмоқда.

Шунингдек, шаҳар устидан вертолётлар айланмоқда, бу шаҳар аҳолиси учун ноодатий ҳолат ва вазиятдан хабардор бўлмаган фуқароларда саволлар туғдирмоқда.


Фото: «Газета.uz».

«Тошшаҳартрансхизмат» (ТШТХ) компанияснинг матбуот хизмати Tashkent City ҳудуди атрофида автобуслар ҳаракатланиш йўналиши ўзгариши ҳақида олдинроқ тушунтириш берган эди. Бу 53, 64, 65 ва 141-сонли маршрутларга тегишли. Лекин йўллар ёпиқлиги боис йўловчилар шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам автобусларни узоқ вақт кутишларига тўғри келмоқда. Бу ҳақида улар огоҳлантирилмаган эдилар.


Манба: «Тошшаҳартрансхизмат».

ТШТХ матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу вазият вақтинча давом этиб, кўчалардаги ҳаракатланиш максимум 10 дақиқага чекланмоқда, шу сабабли автобусларнинг (юқорида келтирилганларидан ташқари) йўналишига ўзгартиришлар киритилмаган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Тошкент расмийлари маълум йўлларнинг ёпилиши ҳақида огоҳлантириб боришса ҳам, юқорида келтирилган кутилмаган йўллар ёпилишини олдиндан башорат қилиш қийин. Автобус ҳайдовчилари «Газета.uz»га йўлдаги вазият ўзгариши ҳақида кўпинча маълумотга эга бўлмасликларини ва йўналишни ўзгартириш бўйича ўзаро келишиб олишга мажбур бўлишлари ҳақида айтиб беришган.

«Газета.uz» ҳайдовчиларга навигатор иловалари билан йўлни текширишни, жамоат транспорти йўловчиларига эса улар йўлда режаларидан кўпроқ вақт кетказишлари мумкинлигини инобатга олишларини тавсия этади.