Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал қабул қилинган «Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ОАВ ва Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фондининг танқид ва норозилигини келтириб чиқарган эди. Фондга кўра, ҳужжатнинг ҳозирги шаклда қабул қилиниши «мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий барқарорлигига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказади ва телерадиоканаллар ўз йиллик даромадидан миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади».

Амалдаги «Реклама тўғрисида"ги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ундаги моддалар умумий тусга эга бўлган, ҳозирги барча реалликларни қамраб олмаган, дея қайд этди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Қонун лойиҳаси билан мобиль алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши, дори воситасини таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокорнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахс иштирокида реклама қилиш, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари рекламаси таъқиқланмоқда.

Таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишни ҳам таъқиқлаш кўзда тутиляпти.

Депутатлар томонидан Интернет рекламани тартибга солиш учун қонунчиликка Интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, Ўзбекистонда Интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифлари киритилди.

Kun.uz қонун лойиҳаси ҳозирданоқ тадбиркорларда катта хавотир уйғотаётганига эътибор қаратди.

«Бир томондан, бу орқали истеъмолчиларни ушбу турдаги маҳсулотлардан, қайсидир маънода, ҳимоя қилиш нияти кўзланган бўлса, бошқа томондан ўз товарларини реклама қилиш ниятида бўлган соҳа вакиллари фаолиятига берилган зарба ҳам бўлади», — деб ёзади нашр.

Болалар ва реклама

Қонун лойиҳасининг 16-моддасида қайд этилишича, вояга етмаганлар томонидан истеъмол қилиниши тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилаётган ёки ишлатаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш тақиқланади.

Бироқ ушбу талаб умумий характерга эга бўлиб, «лазейка"ларни келтириб чиқаради. Масалан, вояга етмаганлар (18 ёшга тўлмаган) фойдаланмаслиги керак бўлган маҳсулотларнинг тасдиқланган рўйхати йўқ. Бундай рўйхат бўлмай туриб, қайси маҳсулот бу каби тоифага тушишини олдиндан билиш имконсиз, деб ёзади Kun.uz.

Таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаси

Қонун лойиҳасида таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар рекламасига ҳам чекловлар киритаётгани (42-модда) ҳам тадбиркорларнинг хавотирларини келтириб чиқармоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси раиси, «Миллий тикланиш» фракцияси аъзоси Илҳом Абдуллаев Aksent лойиҳасига берган интервюсида қайси маҳсулотлар таркибида шакар сақлаши ҳақидаги саволга экспертларнинг ҳеч бири жавоб бермаслигини айтди.

«Яъни таркибида шакар бўлган маҳсулотлар — уларнинг ассортименти жуда катта. „Шакар кўп“ деганингизда, барибир қандайдир таснифга мурожаат қилишингиз керак. Ва бу таснифни ҳам амалга ошириш мумкин эмас, чунки ҳар хил мақсадлар ва ҳар хил вазиятларда ушбу чегараларни турлича аниқлаш мумкин», — деди у.

Депутатнинг фикрича, таркибида шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотлар рекламасини чеклаш билан биз «ўз оёғимизга болта урган бўламиз».

«Ўзбекистонда ўсадиган мевалар кўриб чиқилса, уларнинг барчаси дунёдаги аналогларидан фарқ таркибида шакар миқдори юқорилиги билан фарқ қилади. Дунёнинг ҳеч бир жойида бундай чеклов мавжуд эмас, биз эса айнан таркибида шакар миқдори юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқарадиган мамлакатмиз… Биз ўз ишлаб чиқарувчиларимиз учун тўсиқлар яратмоқдамиз», — деди Илҳом Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, қўмита ушбу нормага ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Ушбу масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан якуний учрашувда муҳокама қилинади.

«Биз масалани ушбу меъёрларни қонундан чиқариб ташлашгача бўлган кўринишда кўтариб чиқмоқчимиз… Соғлом турмуш тарзига одатлантириш масалалари реклама орқали ҳал қилинмайди, уларни жорий этишнинг янада самарали усуллари мавжуд. Биз рекламани чеклаб, ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар ва реклама бозорини чеклаймиз», — деди у.

Илҳом Абдуллаев, шунингдек, 1998 йилдан бери қонунга таҳририй тусдаги ёки ҳар сафар реклама бозорини чеклайдиган 15 та тузатиш киритилганлигини таъкидлади.

«Бирорта ҳам меъёр янги бозорларни, рекламани амалга оширишнинг янги усулларини очадиган даражада либерал бўлмаган эди», — деди депутат. Унинг қўшимча қилишича, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси «қонундаги барча чекловларни олиб ташлаш» кайфиятида.

Kun.uz диетологлар ёрдамида таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тоифасига ширин ичимликлар, қадоқланган мева шарбатлари, тайёр нонушталар, қовурилган таомлар, кондитер маҳсулотлари, хусусан, печенье ва тортлар, глютенсиз маҳсулотлар, музқаймоқ, шоколадлар, ишлов берилган гўшт (колбаса маҳсулотлари), пишлоқ, юқори калорияли кофе ичимликлари, шакар қўшилган бошқа ҳар қандай, кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар реклама қилинишида қатъий чекловлар киритилаётган маҳсулотлар турига киришини аниқлади.

Бунда амалдаги норматив ҳужжатлар орасида таркибида қанд, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари топилмаган.

Қонун лойиҳасида берилган тақиқлар талқинидан мавҳумлик ва ноаниқликлар уфуриб туради, деб ёзади нашр. Бундан ташқари, реклама соҳасини тартибга солувчи қонунчиликнинг бу тарзда кескин нормалар билан «бойитилиши» мамлакатдаги тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг аҳволи, қолаверса, ваколатли органларининг моддий-техник базаси тайёрми, деган саволни ўртага ташлайди.

Масалан, соғлиқни сақлаш тизими бу каби зарарли ва зарарсиз моддаларни таснифлашга қанчалик тайёр? Таркибида шакар, ёғ ёки туз миқдори қанчалик кўплигини аниқловчи лабораториялар мавжудми? Қандай асос билан бу маҳсулотда шакар, ёғ ёки туз кам ёхуд кўп дейиш мумкин? Камлик ва кўпликнинг чегараси қанча бўлади?

Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши жараёнида, лойиҳа ташаббускори томонидан Бизнес-омбудсман билан тегишли тартибда келишилмаган.

Қайд этиш жоизки, 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрсида"ги янги таҳрирдаги Қонунига асосан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатувчи масалаларга доир лойиҳалар Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишиши белгиланган.

«Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мазкур қонун лойиҳаси бўйича Бизнес-омбудсманнинг хулосаси талаб этилса, тақдим этилган лойиҳа тадбиркорлик фаолиятига таъсири нуқтаи назаридан кўриб чиқилиб, қисқа муддатларда хулоса берилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 декабрь куни аҳоли ўртасида носоғлом турмуш тарзи, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва нонни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрашини таъкидлаган эди. Бунинг учун давлат раҳбари хусусий спорт иншоотлари, воркаут, мини-футбол, бадминтон, стритбол майдонлари ва фитнес заллари барпо этишга тадбиркорларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.