Дунё бўйлаб табиий офатлар

  • Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида аномал иссиқлик туфайли келиб чиққан ўрмон ёнғинлари сони сўнгги 24 соат ичида 136 дан 180 тага етди. Ёнғинни ўчиришга 3 мингдан ортиқ одам, авиация ва махсус техника жалб қилинган. Ёнғин майдони 79 минг гектардан ошди. 1,3 мингдан зиёд аҳолини эвакуация қилиш бўйича кўрсатма берилди, яна мингдан ортиқ одам эвакуация қилиниши мумкин. Бундан аввал ўрмон ёнғинлари мамлакатнинг кичик Луттон шаҳрини деярли йўқ қилган эди. Мингга яқин аҳоли шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. Полиция маълумотларига кўра, ёнғинда камида икки киши ҳалок бўлди.

29 июнь куни Литтон шаҳарчасида ҳаво ҳарорати 49,6 даражагача кўтарилиб, ҳудудда 1937 йилдан бери рекорд кўрсаткичи қайд этилди. Канаданинг Британия Колумбиясида аномал иссиқ об-ҳаво туфайли 500 га яқин одам вафот этди, хусусан, Лаппоинтда 165 та тўсатдан ўлим қайд этилган.

Фото: EPA/Vostock-photo

  • Кипрнинг Троодос тоғларида ҳам ёнғин давот этмоқда. Бу фожиа орол тарихидаги энг йириги деб тан олинди. Таъкидланишича, ушбу ёнғинда тўрт киши ҳалок бўлган, 50 та уй ёниб кетган ва электр узатиш линиялари зарар кўрган. 10 та аҳоли пункти эвакуация қилинди.
  • Япониянинг Aтами шаҳрисида 3 июль куни тоғ ўпирилиши содир бўлди. Токио электр энергия компаниясига кўра, ҳудуддаги 2,8 мингдан зиёд уй электр таъминотисиз қолди. Ҳукумат раҳбари икки кишининг жароҳат олгани, яна икки кишининг вафот этгани, 130 бинога зарар етказилганини таъкидлади.

Фото: twitter.com/TRTWorldNow

  • Гаити ва Доминикан Республикасининг жанубий соҳилларига «Эльза» тропик бўрони бостириб кирди. Камида уч киши ҳалок бўлди. Шамол тезлиги 110 км/с га етган. Энг кўп зарар кўрган Барбадос бўлди. Мингдан ортиқ одамнинг уйига зарар етди, 62 та уй бутунлай вайрон бўлди. Шамол бутун орол бўйлаб кўплаб дарахтларни қулатди, шунингдек, электр узатиш тармоқларига зарар етказди.
  • Россиянинг Сочи шаҳрида кучли ёмғирлар кузатилмоқда. Аҳоли эвакуацияга тайёр бўлишга чақирилди. Хорота ва Мацеста дарёлари сатҳининг кескин кўтарилиши қайд этилди. Маълумотларга кўра, бири киши ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланди.

Индонезияда чет элликлар учун кириш қоидалари кучайтирилади

Индонезия 6 июль кунидан бошлаб чет эллик сайёҳлар учун кириш қоидаларини кучайтирмоқда. Улардан тўлиқ эмлаш тўғрисидаги сертификат, иккита ПЗР тест-синови ва саккиз кунлик карантиндан ўтиш талаб этилади. Инфекцияга тестни келиш куни ва мамлакатга келгандан бир ҳафта ўтгач топшириш керак бўлади. Сайёҳлар махсус меҳмонхоналарда карантинга олинади. Бундан ташқари, сайёҳлик идораси маълумотларига кўра, 3 июндан 21 июлгача Индонезиядаги барча сайёҳлик йўналишлари ва дам олиш жойлари ёпилган. — Интерфакс.


Эмлаш даражаси бўйича БAA дунёда биринчи ўринга чиқди

Aҳолини COVID-19'га қарши эмлаш даражаси бўйича БАА дунёда биринчи ўринни эгаллади. Аҳолининг 72,1 фоизи эмлаб бўлинган. 4 июль куни БAA Moderna вакцинасидан фойдаланишга рухсат берди. Мамлакатда Pfizer ва AstraZeneca компаниясининг вакциналари ҳам қўлланилмоқда. Ҳукумат Sinopharm вакцинасини учинчи доза сифатида одамларга таклиф қилишни режалаштирмоқда.

Эмлаш даражаси бўйича иккинчи ўринда Сейшел ороллари жойлашган. Бу ерда аҳолининг 71,7 фоизи эмланди. — Bloomberg.


Озарбайжон мина хариталари эвазига Aрманистонга 15 фуқарони топширди

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан туташган Физули ва Зангилан вилоятларидаги миналар майдонлари хариталари эвазига Aрманистонга ушбу мамлакатнинг 15 фуқаросини топширди. «2021 йил 3 июль куни Россия Федерацияси ташаббуси билан Aрманистон Озарбайжонга Физули ва Зангилон ҳудудларида жойлаштирилган қарийб 92 мингга яқин миналар хариталарини тақдим этди. Озарбайжон томони Aрманистонга 15 нафар арман миллатига мансуб кишиларни топширди», — дейилади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. — ТАСС.


Эрон расмийлари аҳолини электр энергиясидан камроқ фойдаланишга чақирди

Эрон Энергетика вазирлиги мамлакат аҳолисини электр станцияларидаги узилишлардан сўнг электр энергиясини истеъмол қилишни камайтиришга чақирмоқда. «Кеча электр энергиясига бўлган талаб 65,9 минг МВтга етди, бу илгари кузатилмаган эди, аммо ҳарорат кўтарилишини ҳисобга олсак, эҳтимол бу кўрсаткич 66 минг МВт дан ошиши мумкин», дейилади баёнотда. Энергетика вазирининг таъкидлашича, ўтган йилдан бери мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб камида 12 фоизга ошган. 7

Дам олиш кунлари Эронда улкан электр узилишлари юз берди ва эҳтимол бу ҳафтанинг биринчи ярмида такрорланиши мумкин. Вазир мамлакат аҳолисидан электр энергиясини истеъмол қилишни, айниқса тушдан кейин имкон қадар камайтиришни сўради. — Интерфакс.


Литвада Тихановскаянинг идораси дипломатик мақомга эга бўлди

Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг Литвадаги идораси дипломатик мақомга эга бўлди. Бу ҳақда Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис маълум қилди. Литва Тихановскаяга расмий мақом берган Европа Иттифоқининг биринчи давлати бўлди. «Бошқа мамлакатларда Беларус халқининг ваколатхоналарини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», дейилади баёнотда. — Тихановскаянинг Telegram’даги канали.

Европа Иттифоқида Тихановская Беларус вакилларидан бири сифатида тан олинган. Франция президенти ҳамда Германия канцлери у билан расман учрашган. Беларусда, апрель ойининг бошидан бери у ва яна 15 киши террорчилик фаолиятига алоқадорлар рўйхатига киритилган.

Ўтган йилнинг август ойида Светлана Тихановская мамлакатдан чиқиб кетиб, Литвага кўчиб ўтган эди.


Ever Given кемаси 7 июль куни Сувайш каналини тарк этади

Март ойида Сувайш каналидаги ҳаракатни олти кунга тўхтатиб қўйган Ever Given контейнер кемаси 7 июль куни канални тарк этади. «7 июль куни [сув йўли] маъмурияти ва кемага эгалик қилувчи компания ўртасида шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек, маросим доирасида Ever Given Сувайш каналидан чиқиб кетади», дейилади баёнотда.

Аввалроқ Ever Given эгаси сув йўлига етказилган зарар учун 540 млн доллар товон тўлашини маълум қилган эди. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Филиппин ҳарбий-ҳаво кучларининг C-130 самолёти якшанба куни Сулу провинцияси Ҳоло оролига қўнишга уринган пайтда ҳалокатга учради. Авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етди.
  • 5 июлга ўтар кечаси «Толибон» кучлари Афғонистоннинг Бадахшон провинциясидаги олтита округни ўз назоратига олди. Тожикистон қўшни давлат ҳудудига чекинган Афғонистон ҳукумат қўшинларининг 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларини қабул қилди.
  • Қозоғистон пойтахтида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга ёдгорлик очилишининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Ёдгорлик Нур-Султонда яқинда очилган боғ ҳудудида жойлашган. Шунингдек, америкалик режиссёр Оливер Стоун ўзининг ижтимоий тармоқларида Назарбоев ва Қозоғистон ҳақидаги «Qazaq. Олтин одам ҳақида ҳикоя» ҳужжатли фильмининг трейлерини тақдим этди.

Фото: Дмитрий Караман/ТАСС

  • Латвия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқди.