Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «BBC O’zbek» нашрига берган интервьюсида президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг баъзи ташаббусларини Гулнора Каримованинг ғоялари ва лойиҳалари билан таққослаш ҳақида гапирди.

«Биз жуда ҳам кўп танқидларга дуч келамиз. Энди Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган эканда. Нима ишга қўл урсак ўша ишдан Гулнора Каримова ўтиб кетган бўлади, бир из қолдириб кетган бўлади. Гулнора Каримова бу ишларни қилди ёки бу ишни қилган экан, деб янги лойиҳалар пайдо бўлса, янги ғоялар пайдо бўлса ўзимизни тиймаймиз», — дейди Комил Алламжонов.

Унинг қўшимча қилишича, Гулнора Каримова қилган хатолар аслида ўзига хос «кўргазма"дир.

«У давр ўзини даври эди, бу давр ўзини даври. У пайтдаги хатолар бизга кўпроқ бу йўлда хато қилишимизга ёки уларнинг қилган хатоликлари бизга бир кўргазма, аслида. Биз шу хатоларни қилсак, лойиҳаларни шундай хатолик билан қилсак қандай оқибатларга олиб келишини кўрганмиз. Бу бизга сабоқ. Лекин жамият учун, одамлар учун бирор фойдали лойиҳалар чиққанда „шуни бир вақтлар Гулнора Каримова қилган экан“, деб биз ўз йўлимизда тўхтамаймиз», — дейди Комил Алламжонов.

2020 йил 31 январь куни Комил Aлламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, Саида Мирзиёева унинг ўринбосари этиб сайланди.

Маълумот учун, Саида Мирзиёева президентининг 5 ташаббуси доирасида лойиҳаларни амалга оширган. У 2020 йилнинг апрель ойида республика миқёсида «Хавфсиз ёрдам» лойиҳасини ишга туширди, унинг доирасида COVID-19 пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Саида Мирзиёева бошчилигида кўриш қобилиятида нуқсони бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни Брайл алифбосида чоп этилган дарсликлар, бадиий, илмий ва бошқа зарур адабиётлар билан таъминлашга қаратилган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси фаолият олиб бормоқда.