Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганлигини маълум қилди.

«Қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда», — дейилади ТИВ баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлиги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирди.

Маълумотга кўра, 2021 йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтган. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.

«Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади», — дея таъкидлайди ТИВ.

«Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этади», — дея хулоса қилинади ТИВ баёнотида.

Олдинроқ, Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пункти толибон назоратига ўтганлиги ҳақида хабар берган эдик. Тожикистон Афғонистонда вазият кескинлашса, 10 минггача афғон фуқароларини қабул қилиши мумкинлигини айтган эди.