Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан мамлакат хавотирда эканлигини билдириб, баёнот билан чиқди.

«Курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақирамиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотга кўра, 27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган.

26 июнь куни чегаранинг ушбу қисмида афғон куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакили Ўзбекистон ҳудудига кириб келган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган.

«Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади», — дея якунлайди баёнотни ТИВ.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўнгги кунларда бир нечта давлат чегарасини бузиш ҳолатлари кузатилганлигини маълум қилган эди.

23 июнь куни айнан ушбу ҳудуддан 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Ўзбекистон чегарасини бузиб киришган эди. Олдинроқ, Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пункти толибон назоратига ўтганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «толибон» нима хоҳлаётгани ҳақида интервью берган эди.