Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшлар бандлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Маълумотга кўра, мактаб битирувчиларига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий бўлиши белгиланмоқда.

«Мактабларнинг 10−11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Бундан буён, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади. Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади», — деди президент.

Бу борада Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича шаклланган тажриба барча ҳудудларда кенг қўлланиши кераклиги таъкидланди.

«Ўйлайманки, ушбу ташаббусни барча ота-оналар қўллаб-қувватлайди. Чунки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, кенгаш ва идора раҳбарларигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқланиши маълум қилинди.

«Ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлайдилар. Жорий йилдан бошлаб бундай иқтидорли ёшларимиз „Эл-юрт умиди“ жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, халқаро нуфузли рейтингларда минггталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланиши режалаштирилмоқда.

Маълумотга кўра, 2021 йилнинг якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоийда ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади. Келгуси йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарёда ҳам шундай технопарклар барпо этилади.

Шу билан бирга, ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг очиқ-ошкора тизими йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга келгуси йилда бюджетдан 100 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

«Вилоят ҳокимлари ёшларнинг „Бизнесга биринчи қадам“ стартап лойиҳалари танловини жорий этиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибларга маҳаллий бюджетдан грантлар бериб боради. Битта грантнинг суммаси ўртача 50 млн сўмни ташкил этади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ёшларни бизнесга ўқитиш, «Лойиҳалар фабрика» ларида янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизимни яратиш зарурлиги қайд этиб ўтилди.

«Хориждаги ёшларимизга Ватанимизга қайтиб ишлаш, ўз бизнесини ташкил этиш, уларни уй-жой шароитларига ёрдам бериш йўлга қўйилиши керак», — таъкидлади президент.

Мазкур ишларни молиялаштириш мақсадида, бюджетдан қўшимча 100 млн доллар маблағ ажратилиши режалаштирилган.

«Миллий банк, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси нуфузли хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича янги бизнес мактаб ташкил этсин. Келгуси йилдан ушбу бизнес мактабнинг барча ҳудудларда филиаллари очилади», — қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.