Россиянинг SIMETRA транспорт компанияси бир неча ойдан буён 2031 йилгача бўлган давр учун Самарқанд агломерацияси ва шаҳар йўловчилар транспортининг бош режасини ишлаб чиқмоқда.

«Газета.uz» билан суҳбатда ривожланиш бўйича директор Кристиан Бёттгер, транспорт режалаштириш бўлими бошлиғи Сергей Блакитний, транспорт режалаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Андрей Кушин, жамоат транспорти соҳасида ечимлар бўйича директор Владимир Валдин ва Ўзбекистон транспорт вазирлиги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммолари тадқиқот маркази директори Мурод Абидов ЙТҲ нима сабабдан рўй бериши ва уларнинг сонини қандай камайтириш кераклиги ҳақида гапиришди.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда транспорт муаммолари бўйича берилаётган ечимлар фақат дастлабки ҳисобланади. Якуний тавсиялар лойиҳа тугаганидан сўнг вилоят маъмуриятига тақдим этилади.

ЙТҲ кўп содир бўладиган жойларда режалаштиришнинг асосий хатолари нимада?

Сергей Блакитний: ЙТҲнинг асосий сабаби — ҳаракатланиш тезлигига, йўлнинг қатнов қисмида қайта тизилишда («полоса»ни ўзгартириш) ва пиёдаларга йўл беришда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликдир.

Владимир Валдин: Бу асосан тизимли муаммолар. Масалан, йўллар жуда кенг. Шаҳар ичида магистраль кўчалардаги «полоса"ларнинг энг мақбул сони — 2+2.

Мурод Абидов: Бу сабаблардан бири. Республикадаги ЙТҲларнинг энг катта фоизини пиёдаларнинг босиб кетилиши ташкил этади. Бир йўналишда иккитадан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги («полоса» — таҳр.) бўлган йўлларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмаслиги керак.

Масалан, Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасида ҳар бир томонга учтадан ҳаракатланиш бўлаги бор. «Полоса"ларнинг кенглиги 3,75 м. Йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган киши тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи бўйлаб 20 метрдан ортиқ масофани босиб ўтиши керак. У ҳеч қаерда тўхтай ҳам олмайди, чунки хавфсизлик оролчаси йўқ.

Кристиан Бёттгер: Биз шаҳарга кўчаларни бутунлай торайтиришни таклиф қилаётганимиз йўқ. Бундай чоралар режамизда йўқ. Аммо биз хавфсизлик оролчаларини локал даражада ташкил қилишни тавсия этамиз, бу ўз ўрнида пиёдаларнинг хавфсиз ўтиши учун қатнов қисмини торайтиради.


Фото: Владимир Валдин.

Самарқанд — йўллари ҳақиқатан ҳам жуда кенг бўлган Тошкент эмас. Умуман олганда, Самарқандда йўллар ўртача кенгликда. Тўғри истисно ҳолатлар мавжуд, аммо бу ҳақиқатан ҳам истисно ҳолатлар.

ЙТҲларга белгиланган тезлик меъёрларига риоя қилмаслик ҳам сабабчи бўлади. Агар бу жуда қатъий жазоланмаса, ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини оммавий равишда бузишни бошлайдилар. ЙТҲлар сонини камайтириш учун тезликни пасайтириш керак, қоидабузарларни эса шунчалик катта жаримага тортиш керакки, уларда тезликни ошириш истаги тамоман сўнсин.

Мен билган энг қатъий тизим Финляндияда ишлайди. У ерда жарима миқдори даромадга боғлиқ. Кимгадир тезликни ошириш 400 еврога тушса, кимдир 10 минг тўлайди. Самарқанд ҳаракатланиш тезлигини камайтириши, қоидабузарликларни қайд этиш ва уларнинг «муаллифлари»ни аниқлаш билан шуғулланиши ва уларни жазолаши керак.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган жойларда — мактаблар, шифохоналар ва бошқа одамлар кўп келадиган муассасалар жойлашган ҳудудларда ҳаракатланиш тезлигини 30 км/соатгача пасайтиришни тавсия қиламиз. Масалан, бундай жойларда тезликни ошириш ноқулай бўлиши учун сунъий йўл тўсиқларини ўрнатиш мумкин. Аммо бу ҳудудларда ҳам тезликни ошириш жарималар билан жазоланиши керак. Шундагина одамлар қоидаларни бузишни тўхтатишади. Умуман олганда, ҳаракатланиш тезлиги масаласи — шаҳар сиёсати масаласидир.

Владимир Валдин: Шаҳар ичидаги энг мақбул тезлик соатига 50 км дан ошмайди. Шунингдек, белгиланган тезликдан 5 км/с ошганда, жаримага тортмаслик тартибини бекор қилиш керак. Бундай тартиб умуман бўлмаслиги керак. Авваламбор, йўлларда тезлик чегараси машиналар учун рухсат этилган «энг юқори тезлик» сифатида эмас, балки барча автомобиллар тахминан бир хил тезликда ҳаракатланиши учун ўрнатилган.

Кристиан Бёттгер: Бундан ташқари, сизда «полосалар» жуда кенг — 3,75 м. Германияда бу каби йўл кенглиги 130 км/соат тезлик рухсат этилган автобанларда қўлланилади. Агар биз шаҳарда тезликни 50 км/соатгача пасайтирмоқчи бўлсак, у ҳолда «полосалар» кенглиги 3 м дан ошмаслиги керак, ҳаттоки 2,75 м ҳам бўлиши мумкин. Тўғри, бу йўлдан юк машинаси ўтолмайди, лекин шаҳарда юк машиналари алоҳида йўлларда ҳаракатланиши керак.


«Полосалар»нинг ҳаддан ташқари кенглиги. Фото: Владимир Валдин.

Мурод Абидов: 3,75 м — манёвр қилиш учун имконият. Манёвр қилиш учун жой йўқлиги автоҳалокат эҳтимолини автоматик равишда камайтиради.

Андрей Кушин: Одатда четдаги ўнг «полоса» жамоат транспорти учун мўлжалланган, аммо ҳамма ундан тўхташ жойи сифатида фойдаланади.

Йўл чизиқлари ва йўл белгиларининг йўқлиги ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир қилади. Чизиқсиз йўл ҳайдовчини ўзи учун қулай бўлган ҳар қандай позицияни эгаллашга ундайди. Биз кераксиз вазиятларда ҳам кўп маротаба қайта тизилишлар гувоҳи бўлиб турибмиз.

Артериал ва магистрал кўчаларда ЙТҲлар сонини камайтириш учун қандай чоралар мавжуд?

Сергей Блакитний: Ҳаракатланиш тезлигини пасайтириш, чорраҳаларда тўқнашув нуқталарини камайтириш. Агар ҳаракат узлуксиз бўлган автомагистраллар ҳақида гапирадиган бўлсак, автотранспорт воситаларининг бир даражада кесишиш нуқталари сонини камайтириш керак. Масалан, баъзи чорраҳаларда чапга бурилишни тақиқлаш мумкин, аммо бунинг учун ҳар бир ҳудудни алоҳида таҳлил қилиш ва мавжуд транспорт вазиятига қараб, қарор қабул қилиш керак.

Андрей Кушин: Хавф омилларини бартараф қилиш. Агар ҳайдовчилар Т-кўринишидаги чорраҳага иккинчи даражали йўлдан «учиб кирса» ва йўл уларга етарлича кўринмаса, демак, бу хавф омилини йўқотиш керак. Ҳайдовчида хато қилиш имконияти камроқ бўлиши керак. У интуитив равишда талабларни бажариши учун унинг ўрнига ўйлаб кўриш керак. Агар ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаса, уларни жарима орқали бунга мажбурлаш керак.

Ҳуқуқбузарликларни қайд этиш учун баъзи бекатлар оралиқларида камералар ўрнатиш зарур. Ҳайдовчи тезликни оширишдан фақат зарар кўришини билиши лозим, акс ҳолда қоидабузарлик учун жаримага тортилади.

Кристиан Бёттгер: ЙТҲ кўп содир бўладиган ҳар бир жой ҳар доим аниқ локал муаммо сифатида қаралади. Биз ЙТҲ кўп содир бўладиган жойлар харитасини туздик, баённомалар бўйича ЙТҲларнинг хусусиятларини ўрганиб чиқдик, хулосалар қилдик ва маълум бир ҳудуд учун аниқ чораларни таклиф қилдик. Барча мамлакатларда ЙТҲ кўп содир бўладиган жойлар муаммосини ҳал қилишда аудит текшируви ўтказилади.

Тўғри, инфратузилманинг ўзи шундай қурилиши керакки, ҳайдовчи интуитив равишда транспортни тўғри бошқариши керак. Агар йўлни қуриш пайтида автомобиллар 50 км/соат тезликда ҳаракатланиши керак деб ҳисобласак, биз йўлни айнан 50 км/соат тезлик учун аниқ лойиҳалаштиришимиз керак. Агар биз олти «полоса"ли тўғри «учиш-қўниш йўлаги»ни қурадиган бўлсак, унда ҳайдовчининг кўриш қобилияти «туннель»дагига ўхшаб қолади (бунда ҳайдовчи пиёдаларни, велосипедчиларни, биноларни пайқамайди — таҳр.), у автоматик равишда 50 км/соат эмас, балки 100 км/соат тезликда ҳаракат қилади.


Тошкент шаҳридаги кўп «полоса"ли кўча.

Бундай инфратузилмани агар у белгиланган вазифаларга мувофиқ бўлсагина, лойиҳалаштириш мумкин. Ҳаракат тезлигини йўлни лойиҳалаш босқичида аниқлаш керак. Ва бу тезлик учун тўғри ечимларни танлаш керак. Шунда ЙТҲ сонини камайтириш мумкин бўлади.

Автотранспорт тезлиги пастроқ бўлган ҳудудларда йўл траекторияси шундай режалаштирилган бўлиши керакки, ҳайдовчилар лойиҳаловчилар ушбу кўчада назарда тутган тезлик меъёридан ошсалар, ўзларини ноқулай ҳис қилишсин.

Ташқи реклама ва видео экранлар ЙТҲ сонига таъсир қиладими?

Кристиан Бёттгер: Университет хиёбонида ҳар бир устунда таблолар бор. Улар ёрқин оқ нур таратадилар ва бу айниқса тунда ҳайдовчилар кўзини олади. Тунги пайт — бу, албатта, жуда хавфли. Бундай ёрқин таблолар, айниқса видео экранлар ҳайдовчиларни автомобиль бошқарувидан чалғитади ва ЙТҲ келтириб чиқариши мумкин. Таблолар ҳар қандай смартфонда бўлгани каби ёрқинликни ёруғлик даражасига мослаштириши керак.

Мурод Абидов: Ёрқинлик даражаси стандарти зарур. Бизда ушбу стандарт ишлаб чиқилмаган. Бугун ёрқинлик даражаси деярли назорат қилинмайди.

Шаҳар чорраҳалари геометриясини ўзгартириш керакми?

Сергей Блакитний: Биз 20−30 та чорраҳаларнинг геометриясига локал ўзгартиришлар киритишни таклиф қиламиз. Қаердадир ўнгга бурилиш учун йўлни кенгайтириш лозим, қаердадир эса — хавфсизлик оролчалари керак.

Ушбу чорраҳаларнинг барчаси ЙТҲлар энг кўп содир бўладиган жойларга киради. Бундан ташқари, бу шаҳарнинг светофор бошқаруви мавжуд бўлган асосий магистрал йўллари. Биз ушбу светофорларни битта бошқарувга улашни таклиф қиламиз, шунда битта чизиқли объектдаги барча светофорлар бир-бирига боғланади. Баъзи ҳудудлар учун биз аниқ режимларни таклиф қиламиз: светофорнинг яшил ва қизил ранги қанча ёниши кераклиги.


Фото: Владимир Валдин.

Автомобиллар имкон қадар тўхтовсиз равишда маълум тезликда ўтиши учун «яшил йўлак» яратиш керак. Ушбу йўлакларни батафсил кўриб чиқяпмиз ва баъзи жойларда биз геометрияга локал ўзгартиришларни таклиф қиламиз.

Шаҳар светофорлари тўғри бошқарилиши керак. Бу улар бир-бирига боғланган бўлиши ва тўғри созланган бўлиши кераклигини англатади. Эрталабги, тушки ва кечки режимлар бир-биридан фарқ қилиши керак, чунки оқим шакли кун давомида ўзгариб туради. Ҳозир барча светофорлар бир хил режимда ишлайди ва бир-бирлари билан умуман боғлиқ эмас. Бу эса биз йўлларда гувоҳи бўлаётган ҳодисаларнинг сабабларидан биридир.

Идеал ҳолатда, светофорлар шаҳар бўйлаб чизиқли объектга мувофиқлаштирилиши керак. Барча шаҳарлар бунга интилишади. Одатда, светофорларни мувофиқлаштириш учун фақат йўл назоратчисини алмаштириш ҳамда муҳандислар ва дастурчиларнинг иши талаб қилинади. Бу янги асфальт ётқизиш ёки чорраҳани кенгайтиришдан кўра арзонроқ ва тезроқ. Аммо бу жуда самарали.

Шаҳарга кўпроқ светофор керакми?

Андрей Кушин: «Яшил йўлак» яратиш тавсия қилинадиган ҳудудларда тартибга солинмайдиган чорраҳалар мавжуд. Бундай чорраҳаларда светофор бошқарувини ўрнатиш зарур, акс ҳолда кимдир чапга бурилиши сабабли машиналар «тўплами» тўсатдан тартибга солинмаган чорраҳада тўхтаб қолади.

Шунингдек, сиз кўпроқ тартибга солинадиган пиёдалар ўтиш жойлари кераклигини айтгандингиз.

Владимир Валдин: Белгиланган фазали чақирувчи светофорлар деган тушунча бор. Яъни, одам тугмачани босиб, яшил рангни кутади. Аммо светофор умумий мувофиқлаштириш тизимига киритилганидагина яшил чироқ ёнади.

Мурод Абидов: Светофорлар автомобилларнинг меъёрий оқимини ўтказиб туриши керак, шунинг учун уларни бошқариш керак.