Ўзбекистонда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

28 июнь куни ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа билан Жиноят кодексининг 219-моддаси биринчи қисми (Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш) санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда. Яъни, жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йилдан 3 йилгача узайтирилиши назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида Жиноят кодексида ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатганлик учун жавобгарликни белгилаш орқали ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади.