Адлия вазирининг 24 июндаги буйруғи билан Идоравий норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, вазирлик ва идоралар, агар уларга қонунлар, Ўзбекистон президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тегишли ҳужжатни қабул қилиш ёки аниқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколат берилган бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.

Тузатишларга кўра, қонунлар, Олий Мажлиси палаталари қарорлари, президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш муддати, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бир ойдан ошмаслиги лозим.

Буйруқлар вазирлик ва идора номидан қарор қабул қилиш якка тартибда амалга ошириладиган вазирлик ёки идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

Қарорлар давлат қўмиталари ва идоралар номидан қарор қабул қилиш коллегиал органлари томонидан амалга ошириладиган давлат қўмиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинади.

Икки ёки ундан ортиқ вазирлик ва идораларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қарорлар тарзида қабул қилинади.

Идоравий норматив-ҳукуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари юзасидан коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича чеклист тўлдирилади ва Адлия вазирлигига идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан бирга тақдим қилинади.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ келишилиши мажбурий бўлган ҳолларда, шунингдек идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида бошқа вазирлик ва идоралар манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилувчи нормалар мавжуд бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ягона электрон тизим орқали манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиши лозим. Бунда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси вазирлик ва идоралар томонидан у тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида эътирозларсиз келишилиши ёки асослантирилган эътирозлар билан қайтарилиши керак.