Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 26 июнь куни ўн олтинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Янги таҳрирдаги Қонун Ўзбекистон президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ҳамда Сенат Кенгашининг «Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида"ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни ҳақидаги норма янги Қонунда ҳам ўз ифодасини топган.

«Шунингдек, Қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги «Давлат тили ҳақида"ги Қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Қайд этилишича, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ушбу Қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмокда.

Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва «Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Қўшимча қилинишича, янги таҳрирдаги қонунда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистоннинг давлат тили, Ўзбекистонда бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, давлат тилини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш бўйича ваколатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари, давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар мавжуд.

Шунингдек, қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.