Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги «Газета.uz»га Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси реконструкцияси лойиҳасини тақдим этди.

28 апрель куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев, «ШаҳарсозликЛИТИ» бош меъмори Гулшоира Магаметова, Қатағон қурбонларини хотирлаш музейи директори ўринбосари Юсуф Ашуров ва Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК директори ўринбосари Раҳматулла Қўчқоров лойиҳа тақдимотини ўтказишди.

Апрель ойи ўрталарида «Газета.uz» Юнусобод туманидаги «Шаҳидлар хотира» мажмуаси панжара билан ўраб қўйилгани, унинг ҳудудида қурилиш ишлари бошлангани ҳақида ёзган эди. Деворда объект паспорти бўлмаган ва лойиҳа маълумотлари аввалдан эълон қилинмаган эди. Тошкент ҳокимияти мажмуа дарахтларга зарар етказмасдан ободонлаштирилишини айтди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров мажмуа «аянчли аҳволда» экани, шунинг учун унинг ҳудудида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳада биринчи навбатда Қатағон қурбонларини хотирлаш музейи, унинг ташқи фасади ва томини янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мажмуа ҳудудида янги пиёдалар ва велосипед йўллари, амфитеатр, кафе ва катта автотураргоҳ қурилади, велосипед ижараси йўлга қўйилади. Мажмуанинг асосий маъмурий биносини қуриш режалаштирилган. Қурилиш вазирлиги раҳбари лойиҳа муҳокамага қўйилишини, «қарама-қаршиликлар бўлса, улар ҳам кўриб чиқилишини» таъкидлади.

Тошкент ҳокимиятининг хабар беришича, қурилиш-таъмирлаш ишлари ва ёдгорлик мажмуасини ободонлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳужжат очиқ манбаларда мавжуд эмас («Газета.uz» манбасига кўра, ушбу ҳужжат махсус Хизмат фойдалануви учун грифга эга).

Таклиф этилган реконструкция лойиҳаси қандай кўринишга эга?

Маъмурий бино

Фото: Қурилиш вазирлиги / «Газета.uz».