Ўзбекистонликлар «Ал-Азҳар» университетида фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқий олади, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 августдаги «Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган.

«Ал-Азҳар» университетида таълим олиш юзасидан мурожаатлар 25 июндан — 15 июлгача Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда қўмита тавсияси асосида амалга оширилади.

Таълим мажмуасига келаси йилда қабул қилиш бўйича Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатлари эса йил давомида — 2021 йил 1 августдан 2022 йил йил 30 июнга қадар Маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинади.

«Ал-Азҳар»да ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Маслаҳат кенгашига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиши керак:

  • Ариза (намуна бўйича);
  • Фуқаролик паспорти ёки (ИД) карта нусхаси;
  • Умумий ўрта таълим (11-синф негизида шаҳодатнома, аттестат), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ёки олий таълим муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат;
  • Фуқаронинг шахсий маълумотномаси (намуна бўйича тўлдириш шакли) ва таржимайи ҳоли (эркин шаклда).

«Мурожаатлар Маслаҳат кенгаши ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 16−30 июль кунлари (кейинги йилдан 1−30 июль кунлари) кўриб чиқилади ҳамда ишчи гуруҳи билан ўтказилган суҳбат натижасига кўра „Ал-Азҳар“ таълим мажмуасида ўқишга тавсия этилган фуқаролар рўйхати тавсия хати асосида Миср Араб Республикаси „Ал-Азҳар“ мажмуаси институтлари департаменти администрациясининг электрон манзилига юборилади», — дея қўшимча қилинади хабарда.