Халқаро молия корпорацияси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасида кимё саноатини модернизация қилиш ва ўғитлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича битим имзоланди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўзбекистоннинг афзаллиги шундаки, у ўзининг хом ашёсидан фойдаланиб, турли хил ўғитлар, саноат ва истеъмол товарларини ишлаб чиқара оладиган давлатдир. Аммо, давлат назоратида бўлган соҳалар, асосан, сармоялар етишмаслигидан азият чекмоқда, самарасиз бўлиб қолмоқда ва ортиқча ресурсларни истеъмол қилмоқда», — дейилади хабарда.

Мазкур лойиҳа зарур бозор ислоҳотлари орқали соҳадаги самарасизликларни бартараф этиш, давлат иштирокини камайтириш ва хусусий инвесторлар учун тенг шароит яратишга қаратилган, дея қайд этди Молия вазирлиги.

Март ойида президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатига жуда катта маблағ ажратилгани, энергия самарадорлиги жиҳатидан технологиялар янгиланганини маълум қилган эди. «Энди бу тармоқ қўшилган қиймат берадиган вақт келди. Жуда катта имкониятлар бор. Агар ҳар бир йўналиш бўйича миқдорини, сифатини, нархини жой-жойига қўйсак, экспорт 5−6 баробар ошади» — деган эди давлат раҳбари.