2020 йилда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи инглиз тилида тақдим этилди. Таржиманиг муаллифи америкалик таржимон ва тадқиқотчи Марк Риз бўлди.

Марк Риз Ўзбекистон билан биринчи марта 1994 йилда, Қўқонга Американинг «Тинчлик Корпуси» (Peace Corps) дастури доирасида кўнгилли сифатида келганида танишган. У икки йил давомида 23-сонли мактабда инглиз тилидан дарс берди, шунингдек, ўзбек тилини ўрганди. У ўз интервьюларидан бирида кўплаб оддий америкаликлар ҳали Ўзбекистон ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасликларини айтди. Унинг фикрига кўра, «Тинчлик Корпуси» каби дастурлар икки халқ ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиради.

Қўшма Штатларга қайтиб, у Вашингтон университетида Туркий тиллар ва адабиёт ихтисослиги бўйича таҳсил олади, ўзбек ва уйғур тилларини чуқур ўргана бошлайди. Марк Абдулла Қодирийнинг фаолияти билан ўзининг устози — профессор Эльза Сиртиут орқали танишди. Маркнинг сўзларига кўра, у Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш ташаббусчиларидан бири бўлган. Сиртиутнинг раҳбарлигида Марк қадимий туркий тилнинг қадимги шаклларидан бири бўлган Ўрхун ёзувини ўрганди. У чиғатой тилини ҳам ўрганди.

«Ўткан кунлар» таржимаси учун асос сифатида Марк 1926 йилда нашр этилган матннинг асл нусхасидан фойдаланган.


— Ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга бўлган қизиқишингиз нимадан бошланди?

— Мен халқаро мактабда дарс беришни жуда хоҳлардим, бироқ рус мактабида дарс беришни истамадим. Ҳатто 90 йилларнинг бошларида ҳам рус ва ўзбек тилларининг мақоми бўйича баҳслар бўларди. Кўплаб ҳамкасбларим менга: «Рус тилини ўргансанг яхши бўларди, чунки у билан сен постсовет ҳудудининг бошқа мамлакатларида ишлашинг мумкин бўлади» дейишарди. Аммо мен доим ўзбек тилига содиқ қолганман. Рус тили ажойиб тил. Мен рус адабиётини яхши кўраман, аммо Қўқонда рус тилида гаплашишни қўполлик деб билдим.

Шоҳимардонга биринчи бор келганимда, у ерда Иккинчи жаҳон уруши медаллари кўксини безаб турган, чопон кийган оқсоқолни учратдим. У менинг олдимга келди ва қўлимни сиқиб ўзбек тилидан: «Қаердан сиз, меҳмон?» деб сўради. «АҚШдан» — деб жавоб бердим ўшанда. У биз ҳақимизда фақат фильмларда кўрганлигини айтди. «Сиз мен жонли кўрган биринчи америкаликсиз», — дея қўшимча қилди у. Бу воқеа менда кучли таассурот қолдирди.

Ўзбек тилини ўрганишимнинг узоқ йўли шу тарзда бошланди. «Тинчлик корпуси» тажрибаси менда жавоблардан кўра кўпроқ саволлар қолдирди. Беш минг киши билан жума намозига чиқиш бахтига муяссар бўлдим. Одамлар 74 йил ичида биринчи марта ўзларининг эътиқодларини очиқчасига ифода этишдан қанчалик ҳаяжонланганларини кўрдим. Мен ҳаводаги эйфорияни ҳис қилардим.

90-йиллар қийин ва бироз хавфли эди. Ўшанда кўча зўравонлиги сабаб кўпроқ эҳтиёт бўлиш керак эди. Аммо бошқа томондан, Аризонада ўсган ва университетда пост-колониал тадқиқотларни ўрганган мендек бир йигитга янги Республиканинг шаклланишини кузатиш каби бахт насиб этди.

— Таржима учун асос сифатида сиз «Ўткан кунлар»нинг 1926 йилги асл нусхасини олдингиз. Қодирий романни эски ўзбек тилида ёзган. Таржиманинг қайси қисмлари сизда кўпроқ қийинчиликлар туғдирди ва кимдир сизни қўллаб-қувватладими?

— Энг қийин қисмлар — Қодирий «кўча тили»ни ифодалаган жойлар бўлди. Роман устида ишлай туриб, Қодирий романга асл тилни сингдириш учун қишлоқма-қишлоқ кезган. Мен Тошкентда яшаганимда, бу сўзлар ва ибораларни тушунишим осонроқ бўлган, аммо вақт ўтиши билан улар унутилиб кетади.

Таржима устида иш бошлаганимда, манбаларим чекланган эди. Ҳатто 2004 йилда ҳам мен қийинчиликларга дуч келардим. 1960 йил нашр этилган Совет давридаги Ўзбек тилининг изоҳли луғатидан фойдаланганман, аммо замонавий таржимонлар билан таққослаганда менинг манбаларим барибир ҳам чекланган эди. Ўзгаришларга қарамай, мен ҳали ҳам жуда яхши замонавий ўзбек-инглиз луғатини кўрмадим.

Шундай қилиб, мен маҳаллий мутахассисларга суяндим. Бу таржима учун 15 йил сарфланганининг сабабларидан бири. У ёки бу жумла ёки сўз ҳақидаги фикрлари учун мутахассисларга мурожаат қилардим, сўнг таҳлил қилардим ва таржимага қайтардим. Баъзан улар берган маслаҳатлар бутунлай нотўғри бўлиб чиқарди. Ростини айтсам, ҳатто таржиманинг сўнгги вариантини нашриётга юборишдан бир кеча олдин ҳам тузатишлар киритганман.

Сўнгра, роман номини инглиз тилида гапирадиган ўқувчига қандай қилиб тўғри тақдим этиш ҳақида ўйлардим. Охир-оқибат мен асарнинг асл ўзбекча номини қолдирдим, лекин, шунингдек, «Bygone Days» деб қўшимча қилдим. Дунё озгина ўзбек тилини ўргана олиш имконига эга бўлишини хоҳладим. Қуръонни ўқиётганингизда, Қуръон ўқийсиз, уни бошқача ном билан атамайсиз. «Шоҳнома» дейсизми ёки «Шоҳлар китоби»ми?


Бутун таржима давомида шунга ўхшаган қарорларни қабул қилишимга тўғри келди, шунинг учун баъзан ўзбек тилидаги сўзнинг ўзини қолдириб, унга изоҳ бердим. Масалан, «bread» эмас, балки «нон». Буларнинг барчасини Ўзбекистоннинг ўзига хос муҳитини сақлаб қолиш учун қилдим.

— Сиз романни 15 йил таржима қилдим дедингиз. Нима учун бунча кўп вақт сарфланди? Қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

— Бир мунча вақт одамлар учун Ўзбекистонга виза олиш қийин эди. Бу танқид эмас, шунчаки ҳаёт ҳақиқати, сиёсат. Бўлиб туради. Шунинг учун менда ҳамкорлик қилиш имконияти бўлмаган.

Мутахассис йўқлиги нимаси билан хавфли? Ўзбек тилида гаплашмайдиган чет элликлар йўқлигининг хавфи нимада? Ўзбекистон бўйича мутахассис бўлиш жуда қийин бўлган тизим пайдо бўлади.

Аммо сўнгги тўрт йил ичида мен ҳақиқатан ҳам бу борада ўзгаришнинг гувоҳи бўлдим. Менинг Ёзувчилар уюшмасига — аъзолигига эга бўлиш қийин бўлган ташкилот — қабул қилинишим — бу глобал ҳамжамиятга мослашишимиз учун имкон қадар кўпроқ янги ва турли овозларга муҳтож эканлигимизни тан олишдир.

Бундан ташқари, мендан қўлёзмани сотиб олмоқчи бўлганлар ҳам бўлди. Менинг ўзбек тилим етарлича яхши эмас деганлар ҳам бўлди. Аммо мен романни инглиз тилига, ўз она тилимга таржима қилдим. Бадиий таржимон бўлиш учун, аввало, инсон маълум бир жамият маданиятини иложи борича аниқ акс эттириш учун етарлича тушунчаларга эга ёзувчи бўлиши керак.

— Қодирий ўз романини Совет Иттифоқи қурилиши пайтида нашр этди, бироқ романни социалистик реализмга боғлаш мушкул. Буни қандай тушунтириш мумкин ва сиз романни қандай талқин қиласиз?

— Аниқ бир нарса деёлмайман, чунки бунинг учун чуқур тарихий тадқиқотлар ўтказишим керак, аммо Қодирий шу роман сабабли ўлдирилди. Агар бу социалистик реализм романи бўлса, демак у муваффақиятсизликка учраган. Бу у ўтмишни эслашга ҳаракат қилгани учун содир бўлди. У ота-боболарини эслашга ҳаракат қилди. Ўлимини оқлаш учун унга қарши илгари сурилган далиллардан бири уни монархист деб аташганлиги эди.

Жадидларни ким ўлдирганлигидан қатъий назар, улар жадидларнинг яхши социалист эканлигига ишонмаган. Романни илк бор ўқишни бошлаганимда, мен дастлаб Отабекни одатдаги Совет қаҳрамони сифатида қабул қилганман, аммо диққат билан қарасангиз, унинг сўзлари социалистнинг сўзлари эмас. Худди шу нарса Юсуфбек-ҳожи билан ҳам танишганда кўзга ташланади.

— Абдулла Қодирий ўз романини 1926 йилда нашр этган, аммо воқеалар Худоёрхон даврида содир бўлган. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу қандайдир тарзда социалистик реализм билан боғлиқми?

— Бу социалистик реализм деб таъкидлаш қийин. Кўпчилик менинг фикримга қўшилмайди. Романда «ўзбек» сўзи битта ҳолатда, Ўзбек ойим номида ишлатилган, деган фикрлар бор, мен бунга қўшилмайман. Учинчи қисмда, Мусулмонқул Чирчиқ остида мағлуб бўлганда, Қодирий қипчоқлар ва ўзбеклар биродарлар сингари қучоқлашганини ёзади.

Шу билан бирга, Қодирий «Ўткан кунлар» асарини ёзиш учун бир неча йил сарфлаганини ҳам биламиз. Эҳтимол, унинг 1920 йиллар бошидаги ўзбек бўлиш нима эканлиги ҳақидаги тушунчаси ўша пайтга бориб ўзгаргандир.

Жадидларни оддий бир ташкилот эмас, балки илҳом манбаси, деб биламан. Улар маданий феномен эди. Агар таққослаш учун Ҳарлем Уйғониш даври адабиётининг олтин даврини олсак, Ҳарлемни Америка маданиятининг марказларидан бирига айлантирган шоирлар, мусиқачилар ва рассомларнинг турли спектрларини кўришимиз мумкин. Жадидчиликка назар ташласангиз, улар ҳам турлича дунёқарашга эга бўлишган ва менимча Қодирий, айниқса, мадрасада таҳсил олганлиги билан спектрнинг бошқа томонида туради. Баъзи жадидлар учун мадрасаларда таълим олиш одатий ҳол эди. Жадидларнинг бир қисми уламолар эди, улар Туркияда бўлгани каби замонавий мусулмон республикасида ислоҳот ўтказмоқчи бўлган диний раҳбарлар эди.

Жадидлар коммунист ва атеист бўлган деган тахминлар ҳам мавжуд. Мен Қодирий атеист бўлганига ишонмайман. Мен бошқа жадидлар ҳақида гапира олмайман, чунки мен улар бўйича ихтисослашган эмасман, аммо Ислом дини «Ўткан кунлар»ни қамраб олган. Қодирий ўз халқини танқид қилган деган танқидлар мавжуд, аммо романнинг бутун моҳияти ҳам шунда. Романда биринчи эшитадиган товушингиз бу — азон. Бу биринчи жумла. Ва энг охирги жумлалардан бири — бу жаноза. Гўёки Қодирий ислоҳот ғоясининг туғилиши ва ўлиши ҳақида гапираётгандек ва бу шубҳасиз Ислом билан боғлиқ. Шунинг учун, мен унинг атеист бўлганига ишонмайман.


Эҳтимол, Октябрь инқилобидан кейин унда хонлар ва амирликларнинг эски тартиби ағдарилишига умид уйғонгандир. Эҳтимол, Қодирий бошқа жадидлар сингари большевик инқилобини жамиятдаги тартибнинг ўзгариши деб билгандир. Аммо Қодирий большевикларга умид билан қараган тақдирда ҳам, унинг умиди 1926 йилда роман охирига келиб сўнади. Романнинг охири сизга бу ҳақда жуда кўп нарсаларни айтади: охирида Ёдгорнинг ўғилларидан бири босмачи бўлиб кетади. Отабек русларга қарши урушда ҳалок бўлади.

Қодирий шу тарзда, вақт билан ўйнайди, деб ўйлайман. Бу ўтмиш ҳақидаги роман муаллифнинг бугунини келажакка огоҳлантириш сифатида тасвирлайди. Бу қаршилик ҳақидаги роман, хотира ва йўқотиш ҳақидаги роман. Бу социалистик реализм романи эмас.

Яна бир бошқа фикр бор. Баъзилар «Обид Кетмон»ни совет социалистик реализми романи сифатида талқин қиладилар. Эҳтимол шундайдир, биз буни аниқ билмаймиз. Қодирий шахсан ўзи бундай ғояни илгари сурганлиги тўғрисида бизда ҳужжатли далиллар йўқ. 1920-йилларда у аллақачон мақолалари учун қамоқда эди. Балки жадидлар социализмга яна бир имконият бериб, кейин кўнгли қолгандир. Қодирий билан ҳам шундай бўлган.

Менимча, асар охирига келиб Қодирийнинг ҳафсаласи пир бўлган, бу эса романнинг якунида акс этади. У фуқаролар уруши, очарчилик ва минтақадаги бошқа барча кескин ўзгаришларни бошидан ўтказди. Эҳтимол, у учун сўнгги фалокат Ўзбекистон ва Қозоғистон ССРларининг тузилиши бўлиши мумкин, чунки Советлар ҳокимиятининг ўрнатилиши ҳокимият жадидлар қўлига ўтишини англатмас эди. Менимча, у маданиятнинг гомогенизация (маҳаллий маданиятнинг етакчи ташқи маданият томонидан ютиб юборилиши — таҳр.) қилинишидан хуфтон бўлган. Юсуфбек-хожи бутун роман давомида тожик тилида гаплашади. Ўзбек ойим яҳудий домла ҳақида гапиради. Совет тизимида айнан ана шу турли таъсирлар дунёси аста-секинлик билан гомогенизация қилинади.

- Voice of America’га берган интервьюингизда 1936 йилда чоп этилган «Ўткан кунлар» жадидчилик қарашлари олиб ташланган, деб айтгансиз. Ўша вариантдан айнан қайси қарашлар чиқариб ташланган эди, айта оласизми?

— Улардан бири монархик қарашлар. Мен романнинг барча версияларини ўқимаганман, лекин Қодирий ҳаёти ва ижоди билан яхши таниш бўлган Баҳодир Каримов билан суҳбатлашганман. У барча версияларни, айниқса 1950-йиллардаги нашрларни яхши билади. 30-йиллардан 50-йилларга қадар «Ўткан кунлар» севги ҳақидаги романга айлантирилган. Менимча, бу совет мафкурасини жорий этишга уриниш эди.

Чунки севги ҳақидаги роман — хавфсиздир. Шунингдек, кейинги версияларда Юсуфбек-ҳожининг сўзларидан Туркистон сувларини ифлослантирганлар ҳақидаги айбловлар олиб ташланган.

1950-йилларга қадар «Ўткан кунлар»ни сақлаш ноқонуний бўлганини ёдда тутишимиз зарур. Одам бунинг учун қамалмаган бўлиши мумкин, аммо бу унинг ғоявий жиҳатдан пок эмаслигининг исботи сифатида унга қарши ишлатилган.

Ростини айтаман, мен романнинг барча версияларини ўқимаганман, лекин баъзиларини ўқиганимдан ва мутахассислар билан суҳбатларимдан шуни айтишим мумкинки, 1933-йилдан кейин роман оммага мустамлакачилик сиёсатининг танқиди эмас, балки муҳаббат ҳақида ёзилган асар сифатида тақдим этилган.

— Романда Қодирий жадидчилик ҳаракати ҳақида сўз юритмайди. У бирорта ҳам қаҳрамонни жадид деб атамайди, аммо жадидлар таъсири барибир сезилиб туради. Нима деб ўйлайсиз, «Ўткан кунлар« да кимни жадид деб аташ мумкин?

— Аниқки, Отабек — жадид. Мен ҳар доим ҳам фикрларига қўшилмайдиган Адиб Халиднинг таъкидлашича, жадидлар ҳар доим ҳам ўз мафкураларини тавсифлаш учун жадид атамасидан фойдаланишмаган. Баъзида бу уламолар томонидан ишлатиладиган эпитет бўлган: «янги бу», «янги у», «жадид бу», «жадид у», «бу янги, янги, янги нарсалар ҳақида гапиришни давом этадиган йигитлар».

Жадидчилик — бу ижтимоий ҳодисани тушуниш учун ишлатиладиган атама. Шундай қилиб, менинг тушунчамда жадидчилик ташкилот эмас, илҳомдир. 2021 йилда Абдулла Қодирий ҳақидаги тушунча совет олимининг тушунчасидан фарқ қилади. Совет олимлари бу нарсаларни яширишга ҳаракат қилишарди, чунки бу уларга қарши ишлатилиши мумкин эди, худди Амир Темурни ўрганиш каби. Жадидчилик турли тарихий даврлардаги турли одамлар учун турли нарсаларни англатади.

Иккинчи боб — ҳар қандай диссертациядаги энг кўп таржима қилинган боб; ҳар доим дастлабки боб батафсил таҳлил қилинади, аммо кейинчалик Отабекнинг қарашлари қандай ўзгарганлиги таҳлил қилинмайди. Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий менга Отабек муаллиф қарашларининг автобиографияси эканлигини айтганди. Отабек — бу Абдулла Қодирий ва унинг дунёга муносабати.


Иккинчи бобда хон қизига муносиб йигитнинг: «Агар менинг қанотларим бўлганида, мен Қўқон хони ёнига учиб бориб, Россияда амалга оширилган ҳар бир ислоҳотни амалга оширган бўлардим» дея таъкидлашини кўрамиз. Тошкент босиб олинишидан 20 йил олдин, 1840-йиллардаги Россия империясига назар солиб, «Отабек айнан нимани амалга оширмоқчи эди?», деб ўйга толиш мумкин. Эҳтимол, Қодирий ўзининг 1920-йиллари ҳақида ёзган бўлиши мумкин. Балки, у жадид сифатида ғоялар қабристонига ишора қилаётгандир. Вақт билан ўйнаб туриб, у келажак авлодни яқинлашиб келаётган хавф-хатарлардан огоҳлантираётгандек гўё.

- Романда севимли қаҳрамонингиз борми?

— Ҳасанали. У ҳар доим Отабек ва Кумушга содиқлигича қолади. У мен бирга ўсган ковбойларни бироз эслатиб туради. У отини миниб, тўғри иш қилиш учун керакли жойга шошилади.

Иккинчи қаҳрамон — Уста Олим. Биласизми, у бироз Нақшбандий тариқатида бўлган сўфийга ўхшайди. У шароб ичишни яхши кўради. Уста Олим ўзининг тасаввуфи билан Юсуфбек-ҳожи намойиш қиладиган Исломнинг анъанавий ва институционал шаклига қарама-қарши ўринда туради. Эҳтимол, аслида сўфий бўлиш шуни англатгандир. Қодирий ушбу қаҳрамонни қандай яратганлиги менга жуда ёқади.

- Отабекнинг романдаги хатти-ҳаракатларини эркалик деб аташ мумкинми? Кўпчиликка у юмшоқ феълли ва қатъиятсиздек туюлиши мумкин. Бунга муносабатингиз қандай?

— Мен бу ҳақда ўзбеклардан кўп эшитганман ва жуда ҳайратланганман, аммо бу яхшиликка бўлди, чунки бу таржимани маданий ўзига хосликни акс эттирган максимал даражадаги ҳақиқатга яқинлаштиришга ёрдам берди.

Отабек ҳақиқатан ҳам катта хатоларга йўл қўяди. У доимо Тошкент ва Марғилон ўртасида, ўз уйида бўлмайди. Ислом доирасида у Зайнаб олдидаги эрлик мажбуриятларини бажармайди. Зайнабнинг оиласи Отабекдан ажрашишини талаб қилишга ҳақли, аммо Зайнаб тунлари ёлғиз тонг оттирадигандек таассурот уйғонади. «Кундошлик» йўқ.

Унинг иккинчи никоҳга рози бўлиши фожиага сабаб бўлади, бу фожиада Юсуфбек-ҳожи ҳам айбдор. Мен буни Отабекнинг ожизлиги деб биламан.

— Отабек онаси билан жуда кескин гаплашади. Саҳналарнинг бирида у онасига шундай дейди: «Уят дейсиз-да, уятка ўзингиз тушунмайсиз». Жадидлар оналарни муқаддас санашган, аммо бу романда Қодирий Ўзбек ойимни салбий образда кўрсатади. Нима учун деб ўйлайсиз?

— Менимча, Қодирий Ўзбек Ойим образида қолоқлик тимсолини акс эттирган. Воз кечилиши лозим бўлган эскирган қарашлар. Ўзбек ойим «анди»га ишонади, Кумушни севикли ўғлини сеҳрлаб қўйган марғилон жодугари деб билади. У жадидлар курашмоқчи бўлган жоҳиллик рамзини ўзида мужассам этган.

Ўзбек ойим, шунингдек, ўғлининг бахтидан кўра кўпроқ «маҳаллада дув-дув гап» ҳақида қайғуради. У муқобил эмас ва охир-оқибат Кумуш уйининг остонасида пайдо бўлганида, «Марғилон жодугари»нинг гўзаллигига мафтун бўлиб, Зайнабни четга суриб қўяди ва энди уни: «Зайнабни нима қилсам экан?» деган фикр ўйлантиради.

Зайнаб — ушбу ҳикояда ҳақиқатан ҳам ютқазган қаҳрамон. Умуман олганда, менга Зайнаб жуда ёқади. У Тошкентнинг энг чиройли аёли эди. У ўзини бахтли қила оладиган одамга турмушга чиқиши, фарзанд кўриши, узоқ, бой оилавий ҳаётга эга бўлиши мумкин эди. Аммо у буларнинг ҳеч бирига эга бўла олмади. Ақлдан озди. Кумуш Зайнаб билан сўз ўйинлари ўйнаб, унга қўпол муносабатда бўлган пайтлар ҳам бўлган.

— Романда ёзилган энг чуқур ва сирли иборалардан бирини Офтоб Ойим айтган: «Токчада сан қидирған нарса йўқ». Сизнингча, Кумуш у ерда нимани қидирган?

— Билл Мюррей иштирокидаги «Устаранинг қирраси» (The Razor’s Edge) фильмини мисол келтираман. Бу фильмни албатта кўришингиз керак.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг, Мюррейнинг персонажи уруш даҳшатларини бошидан ўтказганидан кейин Тибетга саёҳат қилади ва илм излаб, ўнлаб китобларни мутолаа қилади. Роҳиб билан учрашиб, унга: «Мен тоғ чўққисида ўтириб, доноликка эришиш учун барча китобларимни ўзим билан олдим», дейди. Шунда роҳиб унга тоғ йўли бўйлаб муқаррар қор бўронларидан бошпана томон йўлни кўрсатади. Шундай қилиб, Мюррей барча китоблари билан тоққа кўтарилади ва ўша ерга етиб боргач, тўртта устунни топади. Уй йўқ, том йўқ, атрофда қор бўрони. Тирик қолиш учун Мюррей барча китобларини ёқишга мажбур бўлади. Хулоса: донолик китобларда ва бошқа нарсаларда эмас, доноликка бошқа йўллар билан эришилади.

Менимча, Қодирий маънавий кайфиятда бўлган: инсон моддий нарсаларни қидирганда, дунё унга хоҳлаган нарсасини бермайди. Моддий бўлмаган нарсаларни излаш керак.


Аммо сизга тўғрисини айтишим керак. Бугун бир ёш талаба мендан: «Сиз «Ўткан кунлар»ни ўқиб, ҳамма нарсани тушундингизми?» деб сўради. Мен: «Йўқ, албатта йўқ», дедим. Мен «Оқ кит» асарини ўн марталаб ўқиганман, у жуда ажойиб, менинг севимли романларимдан бири. Шунингдек, Фолкнер, Пруст ҳам. Ушбу муаллифларни тушуниш учун уларнинг асарларини ўн марталаб ўқиш керак.

— Сизнингча, Абдулла Қодирий романида ўз аксини топган жадидчилик ғоялари бугун ҳаётга тадбиқ қилиняптими?

— Албатта. Мен пропагандачи эмасман ва ҳатто Ўзбекистон ҳукумати билан яхши муносабатлар ўрната оламанми ёки йўқ, бу мени қизиқтирмайди. Мен ҳар доим ўзим ишонган нарсамни айтаман ва ростини сўзлайман. Шавкат Мирзиёев президент бўлганида мен унга шубҳа билан қарадим. Бунга ҳақли ҳам эдим. Бундан ташқари, менда мамлакат келажаги учун қўрқув пайдо бўлди. Мен танимайдиган янги инсон билан аҳвол янада ёмонлашиши мумкинми деб ўйлаб қолдим.

Мен ўзим учун ҳар қандай ҳолатда сиёсатдан узоқроқ тураман деб қарор қилганман, аммо жадидлар тўғрисида президент Мирзиёевга боғлаган ҳолда гапираман. Ислоҳотлар ҳақиқатан ҳам бошланганига чинакам ишонишга мажбур қилган бир қанча воқеалар бўлди.

Бир куни эрталаб ҳамкасбимдан хабар олдим. У менга шундай деб ёзган эди: «Мен сизга видеоролик юбораман, сиз кўзларингизга ишонмайсиз». Мен видео томоша қиляпман, унда президент Мирзиёев бир гуруҳ муллалар билан суҳбатлашмоқда. У жуда тез гапирарди, уни тушунишим қийин эди. Ўшанда у: «Эшитиб қўйинглар, агар сизларда „кундошлик“ борлигини билсам, бу ноқонуний, сизларни ишдан бўшатаман» деди. Сўнгра эса у «Ўткан кунлар»га мурожаат қилди: «Буюк адибларимиздан бири Абдулла Қодирий кўпхотинлиликнинг зарари ҳақида гапирган». Мен қулоқларимга ишонолмасдим.

Яна бир воқеа — Вашингтонда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахабов билан учрашув. Мен Би-би-сига интервью бердим, кейин элчихонага таклиф қилишди. Ўша пайтда элчи эндигина аккредитациядан ўтган эди. Мен шубҳа билан қарардим, у ерда дунёқараши тор, совет типидаги одам билан учрашаман деб ўйладим. Элчихонага кириб эса, «Худойим, бу йигит ёш ва одамларга очиқ» деб ўйладим.

Мен дунёдаги энг обрўли академиялардан бири бўлган Ҳарбий-денгиз кучлари академиясида ишлаганман. Бу дунёдаги кириш энг қийин бўлган университет, чунки унга кириш учун сизга президент, вице-президент, мудофаа котиби, сенатор ёки конгрессменнинг тавсияномаси керак. Мен чиндан ҳам яхши раҳбарларни учратганман ва яхши раҳбар қандай бўлиши кераклигини биламан. Шундай қилиб, рўпарамда элчи Вахабов турарди ва у аниқ совет дипломати эмас эди. Ўша пайтда мен «собиқ Совет» (former Soviet) иборасини ишлатишни тўхтатишим кераклигини англадим. Бу энди долзарб эмас. Бу фақат мамлакат тарихининг маълум бир қисмига нисбатан ишлатилиши керак.

Кейин ўзимча ўйладим: «Бу янгилик». Мен Гарвард, Жоржтаун, Оксфорд битирувчилари — ёш ходимлар ва меҳмонларга эътибор қаратдим. Уларнинг баъзилари ҳақиқатан ҳам йирик бизнесменлар ва банкирлар эди. Мен ўйлардим: «Йигирма йил давомида АҚШ ва Европадаги барча алмашинув дастурлари ўз самараларини берибди: ўзбекистонликлар совет типига умуман ўхшамаган шахсларни тарбиялашибди». Бу Ўзбекистоннинг келажаги. Бу келажакда қарор қабул қилувчи шахслар. Умид қиламанки, Вахабов улардан бири.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Марк Ризга «Дўстлик» ордени топширилмоқда.

Шубҳасиз айтишим мумкинки, элчихона ҳар қачонгидек ҳам фаол ишлаяпти. Бу Мирзиёев унга кун тартибини амалга оширишда ваколат берганидан далолатдир. Гап фақат Вахабовда эмас. Вахабов ниҳоятда истеъдодли кадр, аммо айнан унинг раҳбарияти у амалга ошираётган ишларни қилишга рухсат берган. Мен ҳақиқий ўзгаришларни кўряпман.

Ўзбекистон бир қадам олдинга, икки қадам орқага ташламоқда. Бу ислоҳот жараёнида содир бўладиган ҳолат. Ўзбекистонликлар ислоҳот нима эканлигини ўзлари ҳал қиладиган ижтимоий шартнома шаклланиб бормоқда. Бино ёки бошқа бир нарсаларнинг қурилишига қарши чиқишлар — 15 йил олдин бу каби ишлар ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Мен Каримов режимини танқид қилаётганим йўқ. Мен шунчаки ҳамма нарса глобал миқёсда ўзгарганлигини айтяпман, Ўзбекистон ҳукумати глобаллашувга мослашмоқчи бўлса, ўзгариши кераклигини тан олди.

Ҳа, мен қамоққа тушишдан қўрқмасдан ўз фикрларини ифода эта оладиган эркин журналистлар ва блоггерларни кўрмоқчиман, лекин президентга ҳам оғир юк мерос бўлиб қолди деб ўйлайман. У улкан тизимни мерос қилиб олди. Менимча, у ҳақиқатда бу тизимни қайта ислоҳ қилмоқчи, лекин [ушбу тизимни бошқаришга] ўзингиз уриниб кўринг. Нима қиласиз, бутун Ўзбекистон ҳукуматини ишдан бўшатасизми? У амалга оширмоқчи бўлган ишлар асос яратмоқда. Аввалги раҳбариятга ҳурмат изҳор қилган ҳолда шуни айтиш лозимки, мамлакат ҳамма нарсани қайта бошлашига тўғри келди. Лекин ортингизда янги тизимни яратиш бўйича кам бўлса ҳам тажриба бор.

Одамлар ўзгаришларни хоҳлашади, лекин ўзгаришлар уларнинг шартлари асосида амалга ошиши керак.

Сизнинг жамиятда консервативроқ қатлам мавжуд. 90-йилларда мен рўмол ўраган аёлларни кўрмасдим. Анъанавий мусулмонча урф-одатларни кўриш учун Қўқонга ёки Марғилонга бориш керак эди. Энди буни Тошкентда ҳам кўряпман. Тошкентда илгари одамлар кўйлак ва юбка кийиб юришарди, аммо ҳозирда Исломнинг консерватив намойишини кўпроқ кўряпман. Мен бундан қўрқмайман, лекин бу шунчаки белги.

Мен аслида қўрқаётган нарсамни ҳазил билан изҳор қиламан: Тошкент ўзгаряпти, лекин ўзгармаяпти. Тошкентда ўзгармаган бир нарса шундаки, ўзбеклар авваллари қандай бўлишган бўлса, шундайлигича қолишган, аммо уларга эндиликда ўзларининг фикрларини ва ўзликларини намоён қилишлари учун рухсат берилди.

Мен Ўзбекистоннинг қора кунларини кўрганман. Ҳозир сизлар амалга ошираётган ислоҳотлар 1930-йиллардаги жадидларнинг орзуси. Улар мустақил республика ҳақида орзу қилишарди. Сиз 1991 йилда мустақилликка эришдингиз, аммо ислоҳотларни ҳозир амалга оширяпсизлар. Жадидлар турли эътиқодларга эга эдилар, аммо улар ўзбекларнинг ўзбеклар овозида гаплашишини, ўзларининг ҳикояларини ўзлари айтиб беришни хоҳлашарди.

Марк Риз Чилонзорда маҳаллий рассом Абдулла Қодирийнинг шеърини чизган девор олдида.

Агар аёл рўмол ўрашни хоҳласа, унда «гап йўқ», бу менинг ишим эмас, бу унинг қарори. Аёл қандай қарор қилса, у шундай кийинади. Фақат умид қиламанки, эри уни мажбурламаган. Мени ушбу ислоҳотларда ташвишга соладиган ягона нарса — одамлар ўзлари қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлишлари. Мен консерватизм ёки либерализм тарафдори эмасман. Мен фақат ўзбеклар ўзларининг ҳикояларини ўзлари айтиб беришларини истайман, акс ҳолда уларнинг ҳикоясини бошқалар айтиб беради.

— Сиз таржима қилган «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилидаги версиясини оддий Ўзбекистон фуқароси топа олмайди. Ўзбекистонликлар сизнинг китобингизни бемалол сотиб олишлари учун нима қилиш керак?

— Мен ривожлантиришни хоҳлаган дастурим бор. Бу «Muloqot» маданий дастури. Мен унинг устида кўп йиллар давомида ишлаяпман. Унинг доирасида Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асарини таржима қилмоқчиман, Netflix платформаси учун «Ўткан кунлар» фильми сценарийсини яратмоқчиман ва «Ўткан кунлар» бўйича материалларни мактаб тизимида жорий этиш учун мослаштирмоқчиман, шунда романдаги қадриятлар бутун мактаб тизимига тарқалади. Пропаганда сифатида эмас, балки болалар ўзларининг миллий адабиётларини билишлари учун. Мен пропаганда қилишни хоҳламайман. Мен болалар кўпроқ ўқишларини ва кимнинг авлоди эканлигини билишларини истайман.

Ҳамма мендан сўрайди: «Ўткан кунлар»ни қандай сотиб олсам бўлади?» деб. Мен уларга: «Сотиб олишнинг кераги йўқ», деб айтаман. Мен вазирликлар билан китобларни бепул тақдим этиш бўйича музокаралар олиб бормоқдаман, фақат уларни сотувга чиқармаслик ва мактабларга тарқатиш шарти билан. Ўқувчилар кутубхоналарда, мактабларда таржимани бепул олишларини истайман. Ўзбекистон ҳукумати мактабдаги ўқувчиларда китобнинг нусхаси бўлиши учун асарни кичик тиражларда чоп этишни субсидиялаштирса ҳам бўлади. Мен ҳаммага аниқ тушунтирдим: мен китобни фақат сайёҳларга ёки тадбиркорларга сотаман.

Ушбу лойиҳа тўлиқ ўзимнинг ҳисобимдан молиялаштирилган. Мен лойиҳага жуда кўп пул ва вақт сарфладим ва ундан бир цент ҳам ишламадим. Мен сотганимдан кўра кўпроқ китоблар бериб юбордим. Мен талабалар устидан пул ишлай олмайман. Менинг китобимни ўқишни истаган қайсидир бир қишлоқлик бола бунинг учун 25 доллар тўлаши кераклигини тасаввур ҳам қила олмайман — ҳеч ҳам!


Мен жуда аниқ айтдим: менга ёрдам керак. Биласизми, менга жуда кўп мақтовлар келади: «Марк, энди қайси китобни таржима қилмоқчисиз?». Мен «Билмайман, менга ёрдам керак», дейман. Менга грант ёки бошқа расмий молиялаштириш йўлини беринг. Ўйлайманки, буни Ўзбекистон ҳукумати тушунади.

Менимча, Ўзбекистон менга ўхшаган кўплаб хорижий мутахассисларни жалб қилиши керак. Ҳамкорлик — бу яхши. Сиз одамлардан янги ғоялар оласиз, профессионал ва яхши инсон сифатида ривожланасиз. Ҳамкорликдан қўрқмаслик керак, уни излаш керак.

Интервьюни Жаҳонгир Азимов ва Давлат Умаров тайёрлашди.