Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтаётган йиғилишда избосканлик тадбиркор аёлни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Умида Усмонова ўз хонадонида етарли шароит йўқлигига қарамасдан, уйининг меҳмонхонасида парранда боқиб, аҳолига тарқатиб келаётганини таъкидлади. У бугунгача 23 минг бош хонаки товуқ тарқатган.

«Бу тадбиркор ва шижоатли аёлнинг Урганжи маҳалласида қилган ишлари менга жуда маъқул бўлди. Шунинг учун, „Микрокредитбанк“ бу тадбиркор синглимизга 5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратади. Яна бир алоҳида совғамиз бор — ҳозир Сизларнинг кўз олдингизда Умидахон синглимга „Меҳнат шуҳрати“ ордени топшираман», — дея президентнинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.

Йиғилишда президент тадбиркор Умидахон Усмоновага «Меҳнат шуҳрати» орденини топширган.

17 июнь куни Шавкат Мирзиёев Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлган эди. Айни шу хонадонда давлат раҳбари Умида Усмоновани мукофотлаши ҳақида айтганди.

«Мен сиздан миннатдорман. Мен сизга „Меҳнат шуҳрати“ орденини бераман. Хонадонда шундай ҳаракат қилиб, ўзбек аёли шундай меҳнат қилган бўлса, менинг ислоҳотларим амалга ошяпти, мен бахтиёрман. Сизнинг тимсолингиз элга ярашади. Сизнинг тимсолингиз халқимизга намуна бўлади», — деган эди президент.

Тадбиркор «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берди.

Фото: «Ўзбекистон 24» телеканали

«Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини бошлиғи Нафосатхон деган аёл мени Қўрғонтепага излаб борибди. „Опажон, мен сизнинг тажрибангизни ўрганмоқчиман. Уни Урганжи маҳалласида қўлламоқчиман“, деганидан кейин, аввало хурсанд бўлдим. Кейин уларга ёрдам беришга киришдим. 10−15 кундан бери шу маҳаллада фаоллик қилиб, парандачилик йўналишида маслаҳат бериб келмоқдаман. Нафосатхон айтди, „Нега Қўрғонтепа аёллари қилган ишни, Урганчи аёллари қила олмайди?“, деди. Биз ҳозир ҳамкорликда ишлаяпмиз. Урганжи аёлларининг қилаётган меҳнатларини, мен орқали йўналишлар кетаётганига юртбошимиз хурсанд бўлиб, мени мукофотладилар», — дейди у.