Исроилда ниқоб тақиш режими бекор қилинди

Исроил амалда бўлган сўнгги карантин чекловини, яъни ёпиқ жойларда ниқоб тақиш режимини бекор қилди. 15 июндан бошлаб мамлакатдаги дўконларда, савдо марказларида, жамоат транспортида, таълим муассасаларида, идоралар ва бошқа ёпиқ жойларда ниқоб тақиш талаб қилинмайди. Касалхоналарнинг баъзи бўлимлари, самолёт ва қариялар уйлари бундан мустасно.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар мамлакатда 5,1 млндан ортиқ одам (аҳолининг 55 фоизидан кўпроғи) вакцинанинг икки дозаси ва деярли 5,5 млн аҳоли камида битта доза билан тўлиқ эмланган. Эмлаш марказлари вакцинация учун 12 ёш ва ундан катта бўлган ўсмирларни ҳам таклиф қилмоқда. — newsru.co.il

Апрель ойида мамлакатда коронавирус юқтириш даражасининг пасайиши муносабати билан кўчада ҳимоя ниқобларини тақиш талаби бекор қилинган эди. Аввалроқ Исроилда 1 июндан бошлаб коронавирус пандемияси сабабли жорий қилинган деярли барча чекловлар бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.


AҚШда қутуриш касаллиги хавфи сабабли мамлакатга итларни олиб киришга вақтинчалик тақиқ жорий этилди

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) қутуриш касаллиги хавфи туфайли 14 июлдан бошлаб 113 мамлакатдан итларни олиб киришни вақтинча тўхтатилиши ҳақида маълум қилди. «Ушбу вақтинчалик тақиқ АҚШга кириб келаётган итларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли соғлиғини итлар қутуриш вируси вариантининг АҚШга қайта олиб кирилишидан ҳимоя қилиш учун зарур», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, AҚШда 2007 йилда итлар қутуриши касаллиги тўлиқ йўқ қилинган эди. Марказнинг хабар беришича, «ҳатто битта қутурган итни ҳам олиб кириш одамларга, уй ва ёввойи ҳайвонларга юқтиришга олиб келиши мумкин». CDC’нинг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ олиб кириладиган барча итларнинг 6 фоизи қутуриш хавфи юқори бўлган мамлакатлардан келади. Қутуриш хавфи юқори деб таснифланган 113 мамлакат орасида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Перу, Кения, Эквадор ва Индонезия каби давлатлар бор. — Интерфакс.


Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги чегарани роботлар қўриқлайди

Корея Республикаси КХДР билан чегара ҳудудида энг замонавий кузатув ускуналари ва сунъий интеллект билан жиҳозланган ўз-ўзини ўрганадиган роботларни жойлаштиради. Маълумотларга кўра, қиймати 2,5 млн долларга тенг бўлган дастлабки иккита роботни шу йилнинг октябрь ойида демилитаризация қилинган зонанинг жанубий томонига жойлаштириш режалаштирилган. Улар уч ой давомида тажриба-синов режимида ишлайди, шундан сўнг уларни оммавий ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Маълум қилинишича, роботлар сониясига беш метргача бўлган тезликда махсус рельслар бўйлаб ҳаракатланади ва кеча-кундуз навбатчилик қила олади. Қурилмалар юқори аниқликдаги pan-tilt-zoom камераси ва замонавий сенсорлар билан жиҳозланган. Роботнинг сунъий интеллекти камерадаги тасвирларни ва товушларни мустақил равишда таҳлил қилиб, шубҳали ҳаракат аниқланганда операторларга хабар беради. — ТАСС.


Франциядаги IKEA’нинг бўлими 1 млн евро жаримага тортилди

Версаль суди IKEA мебель ва уй-рўзғор буюмлари тармоғининг Франциядаги филиалини ходимлар ортидан кузатиб борганликда айблаб, 1 млн евро жаримага тортди. Бўлим собиқ бош директори Жан-Луи Байо икки йилга озодликдан маҳрум этилиб, 50 минг евро жаримага тортилди. Таъкидланишича, Франциядаги бўлим ишчилар, касаба уюшма аъзолари ва ишга жойлашиш учун номзодларнинг «шахсий маълумотларини яширин йиғган». Қайд этилишича, суд томонидан кўриб чиқилган фактлар 2000 йилларнинг бошларига тўғри келади. — ТАСС.


Япониядаги мухолифат ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдирди

Япониянинг тўртта мухолифат партияси, шу жумладан етакчи Конституциявий демократик партияси парламентда овоз бериш учун бош вазир Ёсихидэ Суга бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик тўғрисидаги қарорни тақдим этди. Мухолифат амалдаги ҳукуматни коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган сиёсатда айбламоқда. Шунингдек, улар эпидемияга қарши курашиш бўйича янги чораларни муҳокама қилиш ва қабул қилиш учун жорий парламент сессиясини уч ойга узайтиришни талаб қилмоқдалар. Aйни пайтда, парламентнинг иккала палатасида кўпчиликни ташкил этган ҳукмрон Либерал демократик партияси ва унинг коалициядаги шериги Комэйто партиясининг ушбу резолюция лойиҳасини рад этиши кутилмоқда.

Шунингдек: Эстониянинг парламентдаги консерватив мухолифат партиялари аъзолари бош вазир Кая Калласга қарши ишончсизлик вотумини билдиришди. Уларнинг айтишича, амалдаги ҳукумат сиёсати иқтисодий ривожланиш соҳасида самарасиз бўлган ва Эстониянинг мудофаа қобилиятини оширмаган.


Украина янгиликлари:

  • Украина Олий Радаси мамлакатнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲ доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича битимлардан чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатни қабул қилиш учун 331 депутат овоз берди. Украинани МДҲ таркибидан чиқариш тўғрисидаги асосий қарор 2014 йил март ойида қабул қилинган эди. 2019 йилда Украина МДҲнинг мувофиқлаштирувчи органларидан чиқиш тартибини якунлади.
  • Шунингдек, Олий Рада жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича бир марта ихтиёрий равишда декларация қилишни назарда тутадиган солиқ амнистияси тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Солиқ амнистияси солиқ тўлашдан бўйин товлаган фуқароларга жазодан қочиб, ўзларининг ҳақиқий даромадларини ошкор қилишлари ва мол-мулкларини декларациялашларига имкон беради. Таъкидланишича, солиқ амнистияси, хусусан, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, шунингдек, Украинадаги ва чет элдаги кўчар ва кўчмас мулкдан ташқари валюта қийматларига нисбатан қўлланилади.
  • Украина президенти Владимир Зеленский Олий Рада томонидан қабул қилинган декларациядаги нотўғри маълумотлар учун мансабдор шахсларга жиноий жавобгарликни қайтариш тўғрисидаги қонунга вето қўллади.
  • «Ҳаёт учун мухолифат майдончаси» партиясининг беш мингдан ортиқ вакиллари Олий Рада деворлари ёнида «Урушга йўқ!» шиори остида, Донбассда тинчликка эришишга қаратилган митинг ўтказдилар.

Шунингдек:

  • Чет элликлар учун Россияда ноқонуний бўлиш муддати 15 июндан 30 сентябрга қадар узайтирилди. Ноқонуний мигрантлар 30 сентябрга қадар депортация қилинмайди ва уларга жарима солинмайди. Ушбу санага қадар улар ўз мақомларини қонунийлаштиришлари ёки мамлакатдан эркин чиқиб кетишлари мумкин.
  • Хитойнинг Хубэй провинцияси Шиян шаҳрида газ портлаши оқибатида қурбонлар сони 25 кишига етди. Кеча ушбу ҳалокатда 11 киши ҳалок бўлгани ва 144 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эдик.
  • Эстония 2035 йилдан бошлаб рус мактабларини молияштиришни тўхтатади. Эстония ҳукумати мактаб таълимини 2035 йилдан кечиктирмай тўлиқ эстон тилига ўтказишни режалаштирмоқда.
  • Жанубий Aфриканинг жануби-шарқидаги Квахлатида «олмос талвасаси» бошланди. Сўнгги кунларда минглаб одамлар олмос излаш учун бу ерга келишмоқда. Квазулу-Наталь провинцияси пандемия шароитида одамлар кўплигидан хавотирда бўлиб, барчадан ҳудудни тарк этишни сўрамоқда. Қазиб олинган тошлар сони тез суръатларда ўсиб бормоқда, улар дарҳол шу ҳудудга етиб келган харидорларга сотилмоқда. Топилмалар асосан кичкина бўлиб, қўлда 7 дан 20 долларгача сотилмоқда.
  • Финляндиянинг бир нечта ҳудудларида 35 мингдан зиёд уйлар бўрон туфайли электр таъминотисиз қолди. Кучли шамол ва ёмғир электр тармоқларининг узилишига олиб келди.