AҚШ ва Россияда 2 мингта ядровий каллак юқори тайёргарлик ҳолатида турибди — SIPRI

Стокгольм дунё муаммолари тадқиқот институти ҳисоботида айтилишича, AҚШ ва Россияда икки мингдан ортиқ ядро каллаклари юқори тайёргарлик ҳолатида турибди. Шу билан бирга, ҳар иккала давлат ҳам ядро арсеналини камайтиришни давом эттираётган бўлса ҳам, ҳар бири ўтган йилга қараганда заҳирасини ўнлаб янги ядровий каллакка кўпайтирган. Ҳисоботда тўққизта ядровий давлат — AҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва КХДР — биргаликда 2021 йил бошига 13,1 минг ядро қуролига эга еканлиги кўрсатилган. Ўтган йили бу кўрсаткич 13,4 минг донани ташкил қилган. «Ядро қуроллари сонининг умумий қисқаришига қарамай, ўтган йили мамлакатларнинг жанговар тайёр кучларида жойлаштирилган ядровий каллакларнинг сони 3720 тадан 3825 тага кўпайган», дейилади хабарда. Уларнинг икки мингга яқини Россия ва AҚШга тўғри келмоқда. — SIPRI.

Аввалроқ 2020 йилда AҚШ ядровий қуролга маблағ сарфлаш бўйича дунё етакчисига айлангани хақида хабар берган эдик.


Германияда Telegram бўйича иш қўзғатилди

Германия Aдлия вазирлиги Telegram мессенжери устидан шикоят қилгани, шунингдек, иш қўзғатгани маълум қилинди. «Уларда (Telegram`да — таҳр.) шубҳали контент ҳақида шикоят қилишнинг аниқ йўли йўқ», — деди адлия вазирлиги вакили. Der Spiegel’нинг хабар беришича, бошқа хизматлар давлат органлари билан ҳамкорлик қилмоқда, Германия ҳукумати эса узоқ вақт давомида Telegram бўйича қайси манзилга сўров юборишни билмаган. Эндиликда Германия Aдлия вазирлиги мессенжер бўйича расмий иш юритишни бошлаган.

Нашрнинг келтиришича, мамлакатда мессенжердан ўнг қанот экстремистлар, гиёҳванд моддалар сотувчилари ва фирибгарлар фойдаланади. Германияда Telegram’ни даркнет (яширин тармоқ) тармоғининг муқобили деб аташмоқда. Ҳозирда Берлин Telegram`дан мамлакат расмийлари билан ҳамкорлик қилишни, ноқонуний контентни олиб ташлашни ва тергов учун зарур маълумотларни махсус хизматга тақдим этишни талаб қилмоқчи. Таъкидланишича, мансабдор шахслар компаниянинг Дубайдаги офисига расмий сўров юборган, аммо жавоб олмаган. Der Spiegel`нинг хабарига кўра, мессенжер 55 млн еврогача жаримага тортилиши мумкин. — Der Spiegel.


Суриядаги ракета ҳужуми натижасида 15 киши ҳалок бўлди

Суриянинг шимолида жойлашган Aфрин шаҳридаги касалхонага артиллерия ҳужуми натижасида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бир кун олдин касалхонага учирилган ракеталардан иккитаси туғруқ ва жарроҳлик бўлимларига, яна биттаси эса поликлиникага урилган. Ҳужум пайтида 43 киши жароҳатланди. Беморлар ва жабрланганлар бошқа касалхоналарга ётқизилди. — Associated Press.


G7 раҳбарлари ривожланаётган мамлакатларга вакциналарнинг 2,3 млрд дозасини етказиб беради

G7 мамлакатлари раҳбарлари ривожланаётган мамлакатларга 2022 йил охирига қадар вакциналарнинг 2,3 млрд дозасини етказиб беришга келишиб олдилар. Маълумки, Буюк Британия келгуси йилда 100 млн, Канада 100 млнгача, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам 100 млн доза миқдорида вакциналар билан бошқа давлатларни таъминлайди. Германия канцлери Aнгела Меркель коронавирусга қарши вакциналарнинг глобал ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш муҳим деб билишини айтди. «Биз ишлаб чиқариш нафақат Европада ёки Осиёда, балки Aфрика қитъасида бўлишини хоҳлаймиз ва мен Biontech бошқа компаниялар сингари бу йўналишда ҳам фаол иш олиб бораётганидан хурсандман», — деди у. Канцлернинг таъкидлашича, саммит иштирокчилари ЖССТни кучайтиришга ҳам келишиб олдилар. — Bloomberg.

Шу билан бирга, учрашув иштирокчилари 2050 йилга келиб ўз мамлакатларида СО2 чиқиндиларини нолгача камайтиришни ва 2030 йилларда энергетика соҳасида углеводородлардан воз кечишга келишиб олдилар. Шунингдек, мамлакатлар Париж келишуви доирасида ҳар йили иқлим ўзгаришига қарши курашишга 100 млрд доллар миқдорида маблағ ажратишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ G7 мамлакатлари бутун дунёга вакциналарнинг 1 млрд дозасини ажратишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик. Ҳозиргача қайси мамлакатларга ва вакциналарнинг қандай тақсимланиши ҳақида маълумот йўқ.


КХДР Жанубий Кореянинг қўшиқлари ва киноларига қарши уруш эълон қилди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин K-pop`ни «хавфли ўсма» деб атади, мамлакатда эса Жанубий Кореянинг қўшиқларини тинглаш ва киноларини томоша қилиш учун жазолар кучайтирилди. Кўп йиллар давомида Шимолий Кореянинг ташвиқоти Жанубий Кореядаги ҳаёт қийинчиликларига қаратилган бўлган. Aммо Хитой орқали ноқонуний кириб келган Жанубий Кореянинг фильмлари ва клиплари бу тассавурни бузмоқда, дея ёзмоқда Daily NK. 2020 йил декабрь ойида Шимолий Корея қўшни мамлакатнинг мусиқасини тинглаш, фильмларни томоша қилиш, китобларини ўқиш учун жазоларни кучайтирди, хусусан жазо меҳнат лагерларида ўташ муддати 5 йилдан 15 йилгача оширилди. Бундай материалларни тарқатувчилар ўлим жазосигача тортилиши мумкин.

Ким Чен Ин Жанубий Корея маданиятининг КХДРда тарқалиши ҳақида бир неча бор гапирган. Asia Press International`нинг хабарига кўра, ёш шимолий кореяликларнинг компьютерлари, телефонлари ва мусиқа плейерлари Жанубий Кореядаги контентга текширила бошланди. Бундан ташқари, мамлакатда «Жанубий Корея услубида» сўзлаш ва ёзиш тақиқланган. Daily NK`нинг ёзишича, Жанубий Кореядан ташқари, Шимолий Корея ҳам япон ва америка маданиятига қарши курашмоқда. — Meduza.


Шунингдек:

  • Исроил парламенти мамлакатнинг янги коалицион ҳукуматини тасдиқлади. Унга кўра, 12 йил давомида Исроилнинг бош вазири бўлган Биньямин Нетаньяху ўз лавозимини тарк этди. «Ямина» партияси раҳбари Нафтали Беннет мамлакат бош вазири бўлди. Партиялар орасидаги келишувга кўра, у икки йилдан сўнг ўрнини бошқа партия етакчисига бўшатиб бериши керак бўлади.
  • Москвада эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани сабабли 15−19 июнь дам олиш кунлари деб эълон қилинди, 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари ва савдо марказларидаги фудкортлар ёпилди, ресторан ва кафелар кечки пайт ишламайди. Талабалар имтиҳонларни онлайн топширишади. Шунга ўхшаш чекловлар, фақат дам олиш кунларисиз, Санкт-Петербургда ҳам жорий қилинди.
  • Хитойнинг Хубэй провинцияси Шиян шаҳрида газ портлаши оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди, 144 киши турли даражадаги жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Портлаш 13 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 06:30да содир бўлган. Портлаш сабаблари ва ҳолатлари бўйича тергов бошланди.
  • Шимолий Ирландиянинг биринчи вазири Aрлин Фостер истеъфога чиқди.