Мармара денгизи шилимшиқ модда билан қопланди

Фото: АР/ТАСС

Фото: Ali Atmaca/Anadolu Agency via Getty Images

Истанбул қирғоқлари яқинидаги Мармара денгизи ҳудуди қалин қатламли шилимшиқ модда билан қопланди. Мутахассисларнинг фикрича, шилимшиқ модданинг пайдо бўлиши ва тарқалишига иқлим ўзгариши ва сувнинг ифлосланиши сабаб бўлган. Шунингдек, айтилишича, кулранг-яшил рангдаги шилимшиқ модда табиий равишда фитопланктонларнинг назоратсиз ўсишидан пайдо бўлади. Туркия президентининг сўзларига кўра, ушбу ҳолатга тозаланмаган канализация сувларининг денгизга оқизилиши, шунингдек иқлим ўзгариши олиб келган. Ғаввослар балиқларнинг кислород етишмаслиги туфайли нобуд бўлаётганини айтмоқда. Ушбу экологик муаммони ўрганиш ва бартараф этиш учун 300 кишилик ҳукумат комиссияси тузилди.

«Денгиз балғами» илк бор 2007 йилда Туркия қирғоғи яқинида топилган, аммо бу ҳолат, шунингдек, Греция қирғоқлари яқинидаги Эгей денгизида ҳам кузатилган. Таъкидланишича, Мармара денгизидаги шилимшиқнинг тарқалиб кетгани тарихдаги энг йирик воқеага айланди. — Интерфакс.


Покистон ўз ҳарбий базаларини АҚШга беришдан бош тортди

Покистон АҚШга терроризмга қарши операцияларни амалга ошириш учун ўз ҳарбий базаларини беришдан бош тортди. «Базаларни қидириш уларнинг хоҳиши бўлиши мумкин. Уларни [АҚШ ҳарбийларини — таҳр.] бизнинг базаларимиз билан таъминлаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, биз ўз манфаатларимиз ҳақида ўйлашимиз керак», — деди Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Меҳмуд Куреши. — Anadolu.

Шунингдек: Пентагон Aфғонистондан қўшинларни олиб чиқиш операциясининг 50 фоиздан ортиғи тугаганлигини маълум қилди. 1 июнь куни АҚШ Aфғонистондан ҳарбий контингентнинг тахминан учдан бир қисми чиқарилганини маълум қилган эди.


Эстония 15 йил ичида мактаб таълимини эстон тилига ўтказади

Эстония ҳукумати мактаб таълимини 2035 йилдан кечиктирмай тўлиқ эстон тилига ўтказишни режалаштирмоқда. «Эстон тилидаги мактаб таълими болалар ва ёшларнинг Эстония маданий ва қадриятлар маконига қўшилишини таъминлайди, ҳар кимга ижтимоий ва иш ҳаётида қатнашиш ва ўқишни кейинги босқичда давом эттириш учун тенг имконият яратади», — деди мамлакат бош вазири.

Ҳозирда Эстониядаги рус тилидаги мактабларнинг юқори ўрта синфларида ўқиш-ўқитиш 60 фоиз давлат тилида, қолгани эса рус тилида олиб борилади. — Интерфакс.


Беларусда 470 дан ортиқ киши сиёсий айблов бўйича ҳибсга олинган — Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати Беларусда 470 дан ортиқ одам сиёсий айблов бўйича ҳибсга олинган деб ҳисоблайди. «Бизнинг маълумотларимизга кўра, Беларусда 470 дан ортиқ киши эркин ва адолатли сайловларни талаб қилганликлари учун ҳибсга олинган. Европа Иттифоқи сиёсий маҳбуслар ва Беларус фуқаролари билан бирдамлигини билдиради. Инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жазоланмаслик мумкин эмас, барча бузғунчилар жавобгарликка тортилиши керак», дейилади хабарда. — Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати.

Шунингдек: Беларус президенти Aлександр Лукашенко оммавий тадбирларни ўтказиш тартибини бузганлик учун, шунингдек, экстремизмга қарши курашиш, нацизмни реабилитация қилиш учун жавобгарликни кучайтирадиган қонунга имзо чекди.


БМТ Бош қароргоҳи 6 июлдан бошлаб тўлиқ иш жадвалига қайтишни бошлайди

6 июлдан бошлаб Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартираси ходимлари шаҳарда коронавирус пандемияси сабабли ўрнатилган санитария чекловлари юмшатилиши муносабати билан аста-секин тўлиқ иш кунига қайтишни бошлайди. «2021 йил 6 июлдан бошлаб 2020 йил март ойида муқобил жадвал тасдиқлангандан бери ҳафтанинг беш кунини масофадан ишлаган барча ходимлар аста-секин ўз ишларига қайтади», дея ёзмоқда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш. — ТАСС.

Шунингдек: Малдив ороли вакили Aбдулла Шаҳид БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессияси раиси этиб сайланди. 143 мамлакат вакиллари Шоҳидни қўллаб-қувватлади. Унинг рақиби — Aфғонистон вакили Залмай Расулга 48 киши овоз берган. Бетарафлар бўлмаган. Aбдулла Шаҳид Малдив ороллари ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди.


Колумбиядаги намойишларда 58 киши ҳалок бўлди

Колумбиядаги солиқ ислоҳотлари ва ҳукуматга қарши намойишлар пайтида 58 киши ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, шунингдек, инсон ҳуқуқларини бузиш, калтаклаш, ноқонуний ҳибсга олиш ва бошқа полиция зўравонликларига оид 400 дан ортиқ ҳолатлар бўлган.

Колумбия президенти Иван Дуке полицияни ислоҳ қилиш, шу жумладан хавфсизлик камералари билан таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари бўйича идора яратишни таклиф қилди. Мамлакат ҳукумати, шунингдек, полиция ходимларига қарши шикоятларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга ваъда берди. — Associated Press.

28 апрелдан буён Колумбияда бўлиб ўтаётган намойишлар пайтида камида 1,7 минг кишининг турли даражадаги тан жароҳати олгани ҳақида хабар берган эдик.


Ҳиндистонда кимё заводидаги ёнғин натижасида 18 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистонда Пуне шаҳри четидаги кимё заводида содир бўлган ёнғинда 18 киши ҳалок бўлди. Яна икки киши аҳволи оғир деб топилган. Марҳумларнинг 15 нафари аёллар. Заводдаги ёнғин 7 июнь куни бошланган. Ўша пайтда завод ҳудудида 37 киши бор эди. Ёнғинни 50 та ўт ўчирувчи ва саккизта техника ўчирган, қутқарувчилар одамлар чиқиб кетиши учун завод деворларини бузишган. Ёнғин сабаби ҳали аниқланмаган. Ёниб кетган завод сувни зарарсизлантириш учун хлор диоксид ишлаб чиқарадиган SV Aqua Technologies компаниясига тегишли бўлган. — Times of India.


Шунигдек:

  • Дунёнинг йирик сайтлари ишида узилишлар юз берди. Хусусан, Amazon ва Reddit сайтлари билан бир қаторда CNN, New York Times, Guardian, Financial Times, Independent каби йирик америкалик ва инглиз ОАВнинг веб-саҳифалари билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Британия ҳукуматининг веб-сайтида ҳам узилишлар кузатилди.
  • Покистонда поездлар тўқнашуви натижасида қурбонлар сони 50 кишидан ошди. 100 киши жароҳатланди. Кеча тўқнашув оқибатида 30 дан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.