Исроил парламенти (Кнессет) мамлакатнинг янги коалицион ҳукуматини тасдиқлади. Янги ҳукуматга 12 йил давомида бош вазир бўлган Биньямин Нетаньяху ва унинг партияси кирмади. Бу ҳақда The Times of Israel хабар бермоқда.

Ҳукумат алмашиши учун Кнессетнинг 60 нафар депутати, унга қарши 59 депутат овоз берди. Янги ҳукуматнинг раҳбари «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет бўлди. У Исроилнинг 13-бош вазири сифатида қасамёд келтирди.

Фото: Noam Moscowitz / Парламент спикери офиси

Коалицион ҳукумат келишуви доирасида Беннет биринчи икки йил давомида бош вазир лавозимида фаолият юритади. Кейин эса унинг ўрнини Исроилнинг собиқ молия вазири ва «Еш Атид» либерал партияси етакчиси Яир Лапид эгаллайди.

Нафталин Беннет турли йилларда ҳукумат таркибида Таълим вазири, Иқтисодиёт вазири, Диний хизматлар вазири, Қуддус ва диаспора масалалари вазири сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Исроилда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди, бу сайловлар сўнгги икки йил ичидаги тўртинчиси бўлди. «Ликуд» партияси парламентда 25% ўринларни эгаллаган бўлса ҳам, Нетаньяху коалицион ҳукумат туза олмади.

Нетаньяху 1996−1999 йилларда, кейин эса 2009 йилдан ҳозирга қадар Исроил бош вазири сифатида фаолият юритган. 2009 йилдан олдин у тўрт йил давомида Кнессетда оппозиция етакчиси бўлган.

Исроилда ҳокимият ваколатлари бош вазир қўлида.