12 июнь куни Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахтида эпидемиологик ҳолатнинг ёмонлашгани сабабли янги чеклов чоралари жорий этилишини эълон қилди, дея хабар берди РИА Новости.

15−19 июнь ойлик маошларни сақлаб қолган ҳолда ишланмайдиган кунлар деб эълон қилинди. 13 июндан 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари, фудкортлар ва болалар учун ўйин хоналари фаолияти тўхтатилади. Москвадаги олийгоҳларда имтиҳонлар масофавий бўлиб ўтади.

Барлар, кафе ва тунги клублар ушбу давр мобайнида соат 23:00дан 6:00гача кўнгилочар тадбирлар ўтказа олмайдилар ва ҳеч кимни қабул қила олмайдилар (буюртмаларни бериш ва етказиб бериш хизматларидан ташқари).

Москванинг катта боғларида ва табиат ҳудудларида аттракционлар, болалар ва спорт майдончалари, бошқа объектлар ёпилди. Горький боғидаги умумшаҳар битирув тадбири ҳам бекор қилинди.

«Сўнгги ҳафтада коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият кескин оғирлашди. Янги қайд этилган коронавирус беморларининг сони ўтган йилги энг юқори кўрсаткичлар даражасига кўтарилди, — деб ёзди Сергей Собянин ўз блогида. — Беморларнинг катта оқимини тиббий ёрдам билан таъминлаш учун биз шаҳар стационарларидаги минглаб койкаларни қайта мослаштиришга мажбурмиз. Энг хавотирлиси: шифокорлар оғир аҳволдаги беморлар кўплигини айтмоқда. Ва бу фақатгина одатий хавф гуруҳидагилар орасида эмас. Ўрта ёшдаги кишилар ва ёшлар ҳам касалликни оғир ўтказишмоқда. Бу вазиятга эътибор бермаслик мумкин эмас».

17 июндан Санкт-Петербургда ҳам коронавирус тарқалиши сабабли чекловлар кучайтирилади, бу ҳақда тегишли қарорга губернатор Александр Беглов имзо чекди.

Кафе ва ресторанлар соат 2:00дан 6:00гача ҳеч кимни қабул қилишмайди ва фақатгина ўзи билан олиб кетиш ва етказиб бериш учун ишлайди. Барча томоша ва кўнгилочар тадбирлари бекор қилинади, болалар хоналари ва фудкортлар ёпилади, темир йўл бекати, аэропорт ва АЁҚШлардаги фудкортлар бундан мустасно. Етказиб бериш хизматлари ишлашига рухсат берилади.

Евро-2020 фан-зоналарида оммавий овқатланиш хизматлари кўрсатилмайди, ичимлик сотишдан ташқари.

Ташкилотлар ва индивидуал тадбиркорларга иш жойларида ходимларнинг бўлишини вақтинча камайтириш тавсия этилди.

17 июндан бошлаб кинотеатр залларини тўлдириш 75%дан 50%гача туширилади. Бино ва очиқ ҳавода ўтказиладиган маданий ҳамда томоша тадбирларида иштирок этувчиларнинг максимал сони 3000дан ошмаслиги белгиланди.

Москвада бўлганидек, Петербургда ҳам энг яхши битирувчилар тадбири, «Медалистлар бали» бекор қилинди.

Кеча Россия пойтахтида COVID-19 билан касалланишнинг 6590 та янги ҳолатлари аниқланган. Санкт-Петербургда эса кунлик ўсиш 865 та ҳолатни ташкил этади.