Президентнинг 10 июндаги «Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги [ПҚ-5144-сон] қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган 53 та туманда 2021−2022 йилларда:

  • 2 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади;
  • умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади;
  • қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилади.

Қолаверса, давлат ва нодавлат МТТлари тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ва 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Қарорга кўра, 1 июлдан оилавий нодавлат МТТларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ва тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади.

Шу билан бирга, оилавий нодавлат МТТлар томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда — 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда иш ҳақи тўланади.

Бундан ташқари, оилавий нодавлат болалар боғчалари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади.

Қарор асосида 2022 йил 1 январга қадар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 млн сўмгача 3 йил муддатга (6 ойлик имтиёзли давр билан) 5 фоизли ставкада кредитлар ажратилади.

Ҳужжатга кўра, 1 июлдан белгиланган туманларда 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 фоизлик ставкада кредитлар ажратилади.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги тегишли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига:

  • ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўланади;
  • «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ёки «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидия тўланади;
  • давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсациялар тўланади.

2018−2019 йилларда нодавлат МТТларни ташкил этиш учун аввал берилган кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2022 йил 1 январга қадар узайтирилади.