Республикадаги 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда «кичик саноат зоналари» ташкил этилади.

Бу президентнинг 9 июндаги «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги [ПФ-6244-сон] фармонида ўз аксини топган.

Мазкур рўйхатдан қуйидагилар ўрин олган:

  • Қораўзак тумани (Қорақалпоғистон);
  • Булоқбоши тумани (Андижон);
  • Пешку ва Қоровурбозор туманлари (Бухоро);
  • Фориш тумани (Жиззах);
  • Китоб ва Деҳқонобод туманлари (Қашқадарё);
  • Зарафшон ва Ғозғон шаҳри, Учқудуқ тумани (Навоий вилояти);
  • Уйчи, Учқўрғон, Чуст ва Поп туманлари (Наманган);
  • Нуробод ва Пахтачи туманлари (Самарқанд);
  • Ховос тумани (Сирдарё вилояти);
  • Бойсун, Шеробод ва Сариосиё туманлари (Сурхондарё);
  • Оҳангарон (Тошкент вилояти);
  • Ўзбекистон тумани (Фарғона);
  • Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманлари (Хоразм).

Фармон билан 2021 йил 1 июлдан тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар берилади.

Қолаверса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар:

  • миллий валютадаги кредитлар бўйича — Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • чет эл валютасидаги кредитлар бўйича — тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун ажратилади.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилинади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Ўзсаноатқурилишбанк»га қурилиш материаллари саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 200 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда:

  • ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш учун 400 млрд сўм;
  • геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 100 млрд сўм ажратилади.

Давлат геология ва минерат ресурслар қўмитаси 2021 йил 1 октябрга қадар ким ошди савдолари натижаларига кўра, 500 та норуда фойдали қазилмалар конларининг инвесторларга фойдаланишга берилишини таъминлайди.