8 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишини ўтказди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, кун тартибидан ўрин олган масала — қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтиришдан иборат.

Давлат раҳбари унда ҳокимлар қарори билан ер ажратиш амалиёти бекор қилинишини қайд этди. «Бугун фармонга имзо чекдим», — деди у.

Йиғилишда шунингдек, Навоий вилоятида ер майдонини ажратиш орқали икки ойда тадбиркорлар сони 45 фоизга кўпайгани айтилган.

«Мен ишонаман, агар вилоят ҳокими Қобул Турсунов бироз кўпроқ ҳаракат қилса, йил охирига қадар бу кўрсаткични 145 фоизга оширади. Навоийда — чексиз ерлар ва ресурслар мавжуд. Кўп нарса ўзинга боғлиқ эканлигини тушундинг… Навоий вилоятида ишсизлик масаласи бўлиши керак эмас», — деди президент.

У сўзида давом этар экан, Сурхондарё халқини иш билан таъминлаш чораларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Мисол учун, Сурхондарёда биз 500 млн ёки 1 млрд долларлик йирик корхоналарни ташкил этишимиз мумкин. Лекин, бу корхонада энг кўпи билан 1000 киши ишлай олади. Лекин, Сурхондарёда — 200 минг ишсиз бор. Сурхондарё халқини фақат ер ҳисобидан боқиш мумкин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ер майдонларини шундай ажратиш керак эмас, балки аввалига одамларни ўқитиш лозим. «Биз ерни ҳақиқий эгалари — халққа беришни бошлаймиз. Бу тарихий қадам», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёнинг юзлаб маҳаллаларида одамлар ўзининг даромад манбасига эгалиги боис, бирорта ҳам жиноят содир этилмаганини таъкидлади.

«Ёмон одам бўлмайди, ёмон ҳокимлар, ёмон сектор раҳбарлари, ёмон шаҳар ҳокимлари бўлади», — деди президент раҳбарларнинг одамларга шароит яратиб беришдаги ўрни ҳақида гапира туриб.

Йиғилишда шунингдек, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер майдонини ажратиш ва 120 минг кишини иш таъминлаш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий янги иш ўринларини ташкил этиш кўзда тутилган.

«Тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаб, янги иш ўринларини 1,5−2 бараварга ошириш мумкин», — деди президент.

Масъул раҳбарлар, вилоят ҳокимлари ва банклар хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни тезлаштириши лозимлиги ва 175 мингдан ортиқ доимий иш ўрнини (75 минг — учинчи чоракда, 100 минг — йил якунига қадар) яратиши кераклиги айтилди.

Таъкидланишича, халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиб, 50 мингта, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар, ҳар бир туман маркази ва маҳаллада хизматлари ташкил этиб, камида 100 мингта иш ўринлари яратилиши шарт.

Жамшид Қўчқоров, Сардор Умурзоқов вилоят ҳокимлари ва тижорат банклари билан бирга, саноатда қўшимча лойиҳалар ҳисобига, қолган 7 ойда 175 мингта доимий янги иш ўринларини яратишга масъул ва жавобгар бўладилар.

«Газета.uz» бунга қадар, президент айни шу йиғилишда энди ер фақат аукционда сотилиши ёки ижарага берилишини маълум қилгани ҳақида ёзган эди. «Кимга ер керак бўлса, давлат аукционида қатнашсин, ҳалоли бўлсин, ерни сотиб олсин», — деган давлат раҳбари.