Айни дақиқаларда президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишлаган видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда.

«Газета.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари эндиликда ер фақат аукционда сотилишини ёки ижарага берилишини маълум қилган.

«6 ой аввал ёшларга ер ажратиш бўйича топшириқ бергандим. Ерни адолатли тақсим қилиш, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича бу тажриба бўлди. Агар ҳар бир ҳудуд раҳбари тизимни тушуниб ишлай олса, ишсизлар кескин камаяди. Бош вазир ўринбосарларига талаб қаттиқ бўлади. Мана кўряпсизлар, Самарқандда, Фарғонада „ер сотувчилар“ пайдо бўлди. Пора билан қўлга тушяпти. Бўлди, у замон тугади. Энди ер фақат аукционда сотилади ёки ижарага берилади. Кимга ер керак бўлса, давлат аукционида қатнашсин, ҳалоли бўлсин, ерни сотиб олсин», — деди у.

У шунингдек, Сурхондарёда бошланаётган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилиниши, 2021 йилдан қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига берилишини қайд этган.

«Биз ерни ҳақиқий эгаси — халққа беришни бошлаймиз. Бу тарихий қадам. Ишсизлар, кам таъминланганларни агар ҳаётдан умиди бўлиб, ишлайман, муносиб турмушда яшайман, деса уларга имконият яратиб берамиз, ижарага ер берилади, улар шундан ўз оиласини боқади», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, президент 4 июндаги йиғилишда ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилиниши маълум қилганди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиш тартиби киритилиши айтилганди.

Бундан ташқари, мазкур йиғилишда ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тартиби жорий этиш таклифи ҳам билдирилганди.