Президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Йиғилишда ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётгани қайд этилди. Ноқишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби барча учун бир хил ва шаффоф эмас, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бу борадаги камчиликларни кескин танқид қилиб, ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Бугунги кундаги масала жуда мураккаб. Бу соҳага қонун устуворлигини таъминлаш бўйича айниқса Самарқандда бўлган воқеалар, Андижонда бўлган воқеалар ҳамма вилоятларда бу ишлар ўзини ижобий натижасини топмаяпти. Ер — халқни боқаётган мулк. Еримизга бўлган муносабатни мутлақо ўзгартиришимиз керак. Қонунни қабул қилганимиз билан ҳам буни бажарувчи одам керак. Бу осон эмас. Жойларга етказувчи одам керак», — деди президент.

Хусусан, ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тартиби жорий этилиши таклиф этилмоқда.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш каби бозор иқтисодиёти талабларига мос бўлмаган амалиётларни тугатиш ва ерга бўлган ҳуқуқ турларини 6 тадан 3 тага қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ноқишлоқ ерларни хусусий секторга фақат аукцион орқали сотиш тартиби киритилади. Ноқишлоқ ерлар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига хусусий мулк қилиб, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерлар эса ижара ҳуқуқи асосида сотилади.

«Одамларни шу ер боқади, ёшларга ер бердик, одамларнинг 70 фоизи бўлса ҳам манфаатдор бўлдими йўқми? Бўлди, бўляпти ҳам. Ўзи энг катта ҳаммамизнинг дардимиз одамларни рози қилиш-ку. Иш билан таъминлаш. Халқимизнинг мулки бу. Нима учун мен кластер қилдим? Кам ердан кўп ҳосил олиш керак. Манфаатдор бўлиш керак. Ўзбекистон ери билан билан Ўзбекистон халқини боқса бўлади, агар ақл билан иш қилсак», — деди президент.

Қайд этилишича, ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиш тартиби киритилиши кутилмоқда.

Бундай ерлар фуқаро ва ташкилотларга (чет элликлардан ташқари) очиқ танлов асосида берилади. Очиқ танловга ариза қабул қилиш, талабгор ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва баҳолаш электрон шаклда амалга оширилади, қайд этилди президент матбуот хизматида.

Вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартириш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ва президентга ўтказилади.

Йиғилишда ер ажратилиши ва ундан фойдаланилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилинади.

Вилоят ҳокимининг ер муносабатларига доир барча қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Шу билан бирга, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев соҳада қонун устуворлигини таъминлаш шарт эканига яна бир бор урғу бериб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

«Қонун устуворлигини таъминлашимиз шарт. Шунинг учун, мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишимиз керак. Бош прокурорнинг ўзи мувофиқлаштириш кенгаши раиси бўлади», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.