Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувда Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилиши ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Ўзбекистон шароитида энг катта масала биз катта-катта портларга чиқиш йўлимиз йўқ, инфратузилмамиз йўқ. Аввал ҳамма чегараларимиз мустаҳкам ёпилган эди. Агар ҳозир Сурхондарё ҳақида гапирсак, менинг бу ерда туришимга сизлар ҳам ҳайрондирсизлар. Нимага бу ерга президент келди? Мен бу ерда кўп раҳбарлар билан «Аср лойиҳаси»ни муҳокама қилиш учун, аввало, Афғонистон раҳбарини ҳайрихоҳ қилиш учун келдим. «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» деган темир йўл лойиҳасини қуришдан ҳаммангиз хабардор бўлдингиз. Тошкентда «Аср лойиҳаси» қурилиши лойиҳасига Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон вакиллари ўтириб қўл қўйди», — деди президент.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳага Жаҳон банки томонидан бу лойиҳага илк босқичлар учун 35 млн доллар маблағ ажратилади.

«Нима учун катта банклар бундай лойиҳаларга пуллар беради? Уларнинг таҳлили шундайки, агар бир ҳақиқатанам Жанубий Осиё билан Ўрта Осиёни боғлайдиган йўл қилсак бу йўлнинг ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик томони бор. Агар шу йўлни амалга оширсак биз афғон халқининг иқтисодини кўтарган бўламиз. Шу билан бирга, Эрон, Покистон портларига йўл очилади. Тасаввур қилинг, бу йўллар орқали битта контейнер юкимиз 3−4 баробар арзонлашса, вақти 4−5 бараварга қисқаради. Сурхондарёда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини дунёга экспорт қилиш учун қисқа ва арзон йўллар керак», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, тарихда қоладиган ишлардан бири Ўзбекистон халқига мулк бўладиган иккита темирйўл — Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли ва Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли ҳисобланади.

«Яқинда мен Россия темир йўл раҳбари билан учрашдим. 7 май куни Россия раҳбарияти билан телефон орқали гаплашиб, уларга темир йўлни тушунтириб берганимизда улар ҳам мазкур лойиҳада қатнашишга тайёрликларини билдирди. Яқин 10 кунлар ичида Россия, Покистон, Ўзбекистон, Афғонистон ҳукумати яна бир марта бу темир йўлни энг маъқул, ўзи 573 км, лекин йўлнинг ҳам космик расмларини олиб, ҳам пиёда, вагонда, машинада юриб энг маъқул, янада арзонлаштириш лойиҳасини кўриб чиқади», деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев трансафғон темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон учун қўшимча бозорлар пайдо бўлиши, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархининг 60−70 фоизга камайишига имкон яратишини маълум қилган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун 5 йил кетиши мумкин. Бунга 4,8 млрд доллар кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Шунингдек, мазкур қурилиш ишлари келаси йилнинг сентябрь ойида бошланиши кутилаётганлиги ҳам маълумот берилган.