Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятини берадиган «Мозори-Шариф — Қобул» темир йўлини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон президентининг «Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарорида белгиланган.

Темир йўл қуриш лойиҳасини молияштириш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарлари номидан қўшма мурожаати асосида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ва бошқа халқаро молия институтлари маблағларини жалб этилиши кўзда тутилган.

Фото: Google Maps

Қарорга кўра, 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон, Aфғонистон ва Покистон транспорт вазирлари ўртасида транс-афғон темир йўлининг оптимал иқтисодий, иқтисодий жиҳатдан фойдали йўналишини тезкор ўрганиш ва танлаш бўйича музокаралар олиб борилади.

Лойиҳа учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш 2021 йил июнгача якунланади. Темир йўл қурилиши келаси йилнинг сентябрь ойида бошланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 август куни Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан учрашувлар ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 10 йиллик электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги битим имзоланган эди.